ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Туркия прокуратураси россиялик учувчининг тахминий қотили — Алпарслон Челикдан барча айбловларни олиб ташлади, деб хабар қилди сешанба куни РИА Новости.
Агентлик хабарига кўра, бир кун олдин Челикнинг адвокати Мурат Устундаг айбланувчидан барча айблар олиб ташлангани ҳақида маълум қилган. "Ҳимоячимни айблаш учун асослар етарли эмас, деб топилгани учун, Туркия ҳукумати ундан айбларни олиб ташлашга қарор қилди", — деган у.
Шу билан бирга, Челикнинг ноқонуний равишда қурол сақлаши ва олиб юриши юзасидан тергов ишлари давом этаётганини айтиб ўтган.
Туркияга қарашли F-16 қирувчиси 2015 йилнинг 24 ноябри куни Сурияда Россиянинг Су-24 бомбардимончисини уриб туширди. Катапульта ёрдамида сакраган учувчи Олеш Пешков эса ердан ўққа тутилди. Орадан кўп ўтмай Алпарслон Челик ўзининг ушбу қотилликка алоқадорлиги ҳақида оммага маълум қилган эди.
Апрел ойи бошида жангари Туркия ғарбидаги Измир шаҳрида ноқонуний равишда қурол сақлаш ва олиб юришда айбланиб, ҳибсга олинди. Тергов давомида Челик жангарилар гуруҳи командири сифатида ушбу ҳодиса учун масъулиятни ўз бўйнига олганини, шахсан ўзи россиялик ҳарбий хизматчини ўққа тутмаганини ва бу борада ҳеч қандай буруқ бермаганини маълум қилди.