Ветеран Акрамов: икки соат олдин ҳазил-хузул қилган сафдошларим ёнимда жонсиз ётарди...

© Из личного архива Акмала АкрамоваИккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси Акмал Акрамов
Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси Акмал Акрамов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, Сталинград ва Курск жангларида иштирок этган ветеран Акмал Акрамов нима учун жимжитликни хуш кўрмаслиги, қўрқинчли синов дақиқаларида хаёлидан ўтган кечинмалар ҳақида Sputnik мухбирига гапирди.

ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Ўзбекистон ўзининг энг муҳим анъаналаридан бирига эга — ҳар йили 9-май "Хотира ва қадрлаш” кунида аксарият одамлар гулчамбарлар билан Тошкент марказида жойлашган, Мустақиллик майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали сари ошиқадилар. Бу ерга зиёратга келганлар ҳар бир оиланинг уруш хотирасига бағишланган ўз ҳикояси бор. Айнан мана шу майдонда ўтганлар руҳини шод айлаб, бугунги кунда эга мусаффо осмонимиз учун қон кечган аскарларимизга яна бир марта “Раҳмат” айтиш мумкин.

Ветеранларни қутлаймиз акцияси - Sputnik Ўзбекистон
Пойтахтимизда “Ветеранларни қутлаймиз” акцияси старт олди
Sputnik мухбири Иккинчи Жаҳон урушида қатнашган ана шундай қаҳрамонларимиздан бири, катта сержант Акмал Акрамов билан суҳбатлашишга мушарраф бўлди.

Энг узоқ кутилган — Буюк Ғалабани тошкентлик Акмал Акрамов 1945 йилда, худди, ушалмас бир орзу каби кутиб олган эди. Акмал Акрамов 1941 йилда кўнгиллилар қаторида фронтга юборилган. У ўша вақтда эндигина 17 ёшни қарши олган ўспирин эди.

"Уруш ҳақида илк бор эшитганимда, қандай саросимага тушиб қолганим, ҳамон ёдимда. Немислар қандай қилиб, бизга, ўнлаб миллатларни бирлаштирган улкан бир давлатга ҳужум қилиши мумкин, ҳеч ақлимга сиғдиролмасдим. Уларни осонликча таслим қиламиз, деб ўйлагандим. Аммо, Ғалабага эришиш учун узоқ тўрт йил вақт керак бўлди. Ўша вақтда Тошкентдаги Ворошилов заводининг металл қуйиш цехида ишлардим. Муҳандис-конструкторлик бўйича ўқишга кириб, янги станоклар ясаш ҳақида орзу қилардим, тақдир эса мени пиёда қўшинлари сафига олиб бориб қўшди”, — деб ҳикоя қилади Акрамов.

Ўзбекистонлик ёш аскарни тенгдошлари билан бир қаторда, аввалига Россияга юборишди. У ерда Акрамовни жангга тайёрлаб, сўнгра ўқчилар полки таркибида қонли жанг бўлаётган майдонга юборишди.

"Кўрганларим ҳақиқий қирғин эди. Биз, ёш аскарлар, қурол билан қандай муомала қилишга ўргатилганмиз, бунга маънан тайёр ҳам эдик, аммо у ёқда дуч келганимиз… Биз бунга тайёр эмасдик. Тинмай содир этилаётган портлашлар, икки соат аввал ҳазил-мутойиба қилган сафдошларингиз ёнингизда жонсиз ётиши… Ўшанда ҳалок бўлган йигитларнинг саноғи йўқ”, — деб хотирлайди ветеран.

Ветераннинг дунёдаги энг ёмон кўрган нарсаси – жимжитлик. Мана, суҳбатимиз ҳам бир муддат жим қолади, чунки, хотиралардан суҳбатдошимнинг кўзлари ёшга тўлган эди, аммо, у киши бор кучини тўплаб, командирларга хос овозда, худдики, яна жанг майдонига кириб қолгандек ўз ҳикоясини давом эттиради.

Россия президенти Владимир Путин - Sputnik Ўзбекистон
Путин МДҲ раҳбарларига йўллаган табрикда тарихни янгилашга йўл қўймасликка чақирди

"Сталинград учун жанг жуда қийин кечган эди. Сон-саноқсиз фашистлар ҳужумини бошдан ўтказганман. Шу боис ҳам жимжитликни ёқтирмайман. Негаки, ҳамиша шундай бўлган – аввалига қаторасига бомба ташланади, сўнгра, кишини ваҳимага соладиган, ёлғондакам тинчлик ўрнатилади. Аммо бу — бомбардимонлар тугади, дегани эмас.

Орадан маълум вақт ўтгач, осмонда яна қирувчилар пайдо бўлади, ўқ овозлари қайта тикланади. Биз эса, окопларда ўтирган ҳолда, бу галги бомбардимонлар нима билан тугаши, тирик қоламизми-йўқ, шу ҳақда ўйлаймиз. Кўпинча мусиқа ёрдамга келарди, болалигимдан куй-қўшиққа меҳрим бошқача эди. Шу боис, мана шундай қўрқинчли ҳолатдан чиқиш, умидсизликка тушмаслик учун мийиғимда қайсидир қўшиқни куйлашга тушардим, баланд куйлаш ман этилган эди”, — ҳикоя қилади ветеран.

Сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз, деб таъкидлайди суҳбатдош, ярим кечаси, омонат қайиқда тиззамизгача сувга ботиб, дарё кечиш нималигини. Ёнингизда кимдир олган жароҳатлар азобига чидолмай бақиради, кимдир сувга сакраган, сиз эса бундай қилолмаслигингизни биласиз, чунки акс ҳолда, қуролингиз нам тортади…

“Айтишадики, вақт ҳар нарсанинг давоси деб. Бу ёлғон. Ёш бошимиз билан урушда кўрганларимизни ҳеч қачон унутмаймиз. Мен буни сизга сўз билан таърифлаб беролмайман, қонли жанг, атрофингиздагиларнинг бирин-кетин ҳалок бўлиши, вақт ўтиши билан келажак ҳақида ўйлашни унутасиз, хаёлингизда фақатгина қандай қилиб тирик қолиш, бу жангдан, кейин кейингисидан омон чиқиш ҳақида фикр миянгизда чар уради холос…”, — дейди Акрамов.

Маҳаллада бўлиб ўтадиган тадбирлар ветеран Акмал Акрамовсиз кечмайди. Отахонга ҳар қандай оммавий йиғинларда энг ҳурматга сазовор ва кутилган меҳмонлар қаторидан жой берилади. Ҳамма билади, отахон тадбирга ташриф буюрдими, демак, ҳеч ким зерикиб қолмайди. Акмал ака, албатта, бирорта қўшиқ ижро этиб, 92 ёшни қарши олганига қарамай, рақс ҳам тушиб беради.Бундан ташқари, ҳикоямиз қаҳрамони, шу кунга қадар автомобил бошқаради, эрталаблари бадантарбия билан шуғулланиб, набираси билан ким тезроқ чопишда мусобақалашади.

Уруш қатнашчиси кўп йиллик меҳнатлари туфайли, кўплаб ҳукумат мукофотлари билан тақдирланган. Акмал Акрамовнинг айтишича, мукофотлар орасида энг азизи – одамлар ва ўқувчилар эъзозидир.

Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган ҳиссаси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистоннинг буюк ғалабага қўшган ҳиссаси

"Ҳозирги ёшларимизга, ўшанда, бизнинг бошимизга тушган қийинчиликлар худди афсонадек туюлади. Чунки ўша вақтдаги ҳаётни улар фақат киноларда кўрган. Бу яхши, албатта. Фарзандларимиз, невара-чевараларимиз ҳеч қачон уруш нелигини билишмасин, биз кўрган қийинчилик, азоб-уқубатлар улардан ҳамиша йироқ бўлсин”, — деб ўз ҳикоясига якун ясади отахон.
Инсон ҳеч қачон ўз ўтмишини унутмаслиги лозим. Ўтмишни хотирлаб, ундан керакли хулоса чиқара билиш лозим. Чунки шундай бўлган тақдирдагина мусаффо осмонимиз қадрига етишни, бугунги кундаги тинч ва фаровон ҳаётимиз учун шукрона келтиришни ўрганамиз.

Янгиликлар лентаси
0