ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Anonymous хакерлар гуруҳи 30 кун давомида бутун дунё Марказий банклари расмий сайтларига ҳужум уюштирмоқчи. Бу ҳақда Рейтер агентлиги гуруҳ томонидан YouTube да жойлаштирилган видеомурожаат асосида хабар қилган.
Чоршанба куни Миср Марказий банки Anonymous гуруҳи хакерлари бир кун олдин банк расмий сайтига ҳужум қилишгани ҳақида хабар берган эди. Маълумотларга кўра, ҳужум бир неча дақиқа давом этган, шундан сўнг, банкнинг IT-мутахассислари уни бартараф этишга муваффақ бўлганлар.
Хакерлар таъкидига кўра, ушбу ҳужум “бутун дунё Марказий банкларига қарши қаратилган кампаниянинг бошлангани нишонасидир”.
Anonymous хакерлар гуруҳи 2003 йилда ташкил топган. PayPal, MasterCard, Интерпол сайтлари, Европарламент ва Ватикан, турли мамлакатлар вазирликлари расмий сайтлари гуруҳ уюштирган киберҳужумлар "қурбонларига" айланган. 2015 йилнинг кузида Anonymous “Ислом давлати”га қарши уруш эълон қилган, жорий йилнинг баҳорида эса АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга қарши кампания ҳақида эълон қилди.