ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Буюк Британияда Барак Обаманинг мамлакат Европа Иттифоқи таркибида бўлиши зарурлиги ҳақидаги баёнотини қаҳр-ғазаб билан кутиб олишди, дея хабар қилади РИА Новости.
Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши тарафдори бўлганлар эса Барак Обамани танқидларга кўмиб ташлашди. Шу жумладан, UKIP партияси етакчиси Найжел Фараж Рейтер агентлигига Барак Обама "ҳар бир ишга бурун суқмаслиги лозимлиги” ҳақида гапирди. "Бу зўравонларча суқилишдан бошқаси эмас. У Вашингтондан чиқмаса, фойдалироқ бўларди", — деди сиёстачи FoxNews телеканалига.
Лондон мэри Борис Жонсон эса The Sun нашрига Вашингтоннинг “иккиюзламачилиги” ҳақида баёнот қилган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Британияни “демократиянинг бир қисмини ўзгалар назоратига топширишга чақирмоқда”.
“Обама, айтганимни қил, қилганимни қилма” кабилида иш тутмоқда, деб таъкидлади Жонсон.
CNN телеканали маълумотларига кўра, Обама, шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари нафратига дучор бўлган. Улар АҚШ президентини “чақирилмаган маслаҳатчи”, деб атаб, АҚШни Британия империяси таркибига қайтариш ҳақида таклиф билдирганлар. Шунингдек, Британиянинг ЕИ таркибида қолиши тарафдорлари бўлганлар ҳам Обаманинг ҳомийларга хос оҳанги уларга манзур бўлмагани ҳақида гапиришган.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британиянинг ЕИга аъзолиги масаласи юзасидан референдум жорий йилнинг 23 июн санасида ўтказилиши режалаштирилган.