ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ давлатлари саммити юзасидан муҳокама ўтказдилар, деб хабар бермоқда Қозоғистон президенти матбуот-хизмати.
Нурсултон Назарбоев ўз нутқи аввалида икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларга урғу қаратган.
"Мустақиллик йилларида биз бу алоқаларни сақлабгина қолмасдан, янада яқинлашдик. Бизнинг муносабатларимиз амалда ортиқча шаклларни талаб этмайди ва қўшничилик асосига қурилган. Бу муҳим аҳамиятга эга. Мен сиз билан дўстлигимдан ва қозоқ ва ўзбек халқи дўстлигидан фахрланаман. Мақсадимиз, бу муносабатларни ўзаро ишонч асосида янада мустаҳкамлаш, келгуси авлодга етказишдир. Барча қозоғистонликлар номидан ўзбек халқига фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман", — деган Нурсултон Назарбоев.
Ўз навбатида Ислом Каримов икки давлат муносабатлари самимий дўстлик, ўзаро ишонч, манфаатларни ҳурмат қилиш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида ривожланаётганини таъкидлади.
— Ҳозир биз осон бўлмаган бир даврда яшаяпмиз ва шу боис, айнан шу жиҳатлар энг зарур ҳисобланади. Ҳозирги ҳолат юзасидан ҳамжиҳатликда тўғри ечимларни топиш мақсадида фикр алмашиш учун Нурсултон Назарбоевнинг ташрифи зарур эди. Жаҳон иқтисодиётида инқироз давом этмоқда, бирор давлат муаммолардан холи эмас. Биз тўғри йўлдан боришни ва доимий тарзда “соатларни солиштириб туришни” хоҳлаймиз, — деб таъкидлаган Ислом Каримов.