Россиядаги ўзбеклар ҳаёти: фирибгарлар патент муаммосига ечим топди

© Sputnik / Андрей Рудаков / Медиабанкка ўтишМигрантлар
Мигрантлар - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Фирибгарлар танг вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларга қирғиз паспортини олишни таклиф қилишмоқда. Бундай ҳужжат билан Россияда қанча юриш мумкин ва у қандай "имтиёзлар" беради, нима учун ўзбекистонликлар бундай хавфли таваккалчиликка боришаётгани ҳақида экспертлар изоҳини келтириб ўтамиз.

ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik, Дилшода Раҳматова, Мария Шелудякова. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Россиядаги ўзбекларга “қирғиз паспортини олишни” таклиф қилаётган фирибгарлар сони ортиб бормоқда. Фирибгарлар ўз домига кўпроқ "ўлжа" илинтириш пайида қирғиз паспортининг афзалликларини санаб ўтишган. Шундай қилиб, ушбу сохта ҳужжат эгаси “муаммосиз ишга жойлашиш, кўчада беҳавотир юриш ва энг муҳими, патент сингари “бош оғриқдан” бутунлай халос бўлиш имконига эга бўлиши” айтилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин - Sputnik Ўзбекистон
Путин: миграция масаласида назорат кучайтирилиши шарт

Гап шундаки, Қирғизистон ЕОИИ(Евроосий иқтисодий иттифоқи”)га аъзо бўлганидан сўнг, Қирғизистон фуқароларига Россияда ишга жойлашиш тартиби анча осонлаштирилди. Патент тўлови ойлик маошига “оғирлик” қилаётган ва умуман, ҳали ҳатто биометрик паспортга эга бўлмаган айрим Ўзбекистон фуқаролари орасида, ортиқча даҳмазадан қутулиш учун шундай паспортни харид қилишга шошилаётганлар ҳам топилмоқда.
Сохта қирғиз паспортига эгалик қилиш “қанчага тушиши мумкин” ва шу мавзу атрофидаги бошқа саволларга эскперталар жавобини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Sputnik мухбири нолегал мигрант қиёфасида ёрдам сўраб шундай фирибгарларнинг бирига қўнғироқ қилди. Айтиб ўтиш жоизки, тиббий дафтарчадан тортиб, Россия фуқароси паспортигача ҳужжатларни расмийлаштириб беришга ваъда берувчи идоралар телефон рақамлари интернетда хоҳлаганча топилади.

Бундай хизмат тури учун тўловлар миқдори ҳам анча салмоқлилигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Хуллас, идорага қўнғироқ қилиб: Россия паспорти учун тўлов 80 минг рублдан бошланишини, қирғиз паспорти эса – атиги 5 минг рубл туришини, барча тўлов чеклари ичига киритилган сохта патент – 15 минг рубл, тиббиёт дафтарчаси – 1,5 минг рубл, “тоза” регистрация эса 2 минг рубл туришини билиб олдик.

"Албатта, ёрдам берамиз", — деди саволимга жавобан мафтункор овоз соҳибаси. "Миграция қоғози борми сизда? Патент “тоза” бўлсинми? Албатта, ёрдам қиламиз, икки ҳафтада қўлингизда бўлади". Гўшакнинг нариги томонида туриб тинмай жавраётган аёл, қизиқиб савол берганимга, пули кўп деган фикрга борди, шекилли, барча муаммолардан бир йўла халос бўлишим учун бир йўла Россия паспортини олишга кўндира бошлади.

“Патентга бир йилда бундан кўп сарфлайсиз яхшиси паспорт олақолинг. Атиги 80 минг рубл туради. Хоҳлаган ишга жойлашишингиз мумкин”. Дарвоқе, 80 минг рублга Россия фуқароси паспортини тайёрлаб беришга(!) ваъда берган аёл, кўча-куйда паспортнинг асл нусхаси эмас, балки ксерокопиясини олиб юришим керак бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Россия полициячиларига ҳужжатнинг асл нусхаси нима учун “ёқмай қолиши” мумкинлигига “уддабурро” хоним аниқлик киритишни хоҳламади.

"Ёшлар ишни йўқотиб қўйишдан қўрқади”
“Миграция ва қонун” ахборот-ҳуқуқий маркази раҳбари Гавҳар Жўраева Sputnik агентлигига нима учун айрим ўзбекистонликлар, бу жиддий таваккалчилик эканига қарамай, қонунни “айланиб ўтишга” ҳаракат қилишаётганига изоҳ берди. Эслатиб ўтамиз, сохталаштирилган ҳужжатдан фойдаланганлик учун Россия қонунчилигида олти ойгача қамоқ жазоси, икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 80 минг рубл миқдорида жарима кўзда тутилган.

"Россияда ўзбеклар сони қирғизлар ва тожиклар умумий сонидан кўпроқни ташкил этади. Ўзбекистонлик мигрантлар сон жиҳатдан украиналик ва қозоғистонлик мигрантлардан кейин учинчи ўринда туради. Россиядаги ўзбек мигрантлари асосан ёшлардан иборат. Улар эса, бегона муҳитга мослашишга кўпам одатланмаган. Бунинг учун вақт талаб этилади.

Россиядаги шарт-шароитга кўникканларнинг аксарият қисми эса, касаллик ёки патент тўловини ўз вақтида амалга оширмаганликлари туфайли “депорт” қилинган. Хуллас, бу муҳим эмас, асосийси, ўша Россия ҳудудидан чиқариб юборилганлар ўрнига ёшлар келмоқда. Ёшлар эса бугунги кундаги Россиядаги ҳаётга, уларни кутаётган муаммолар ечимини топишга тайёр эмас”, — дейди миграция масалалари бўйича эксперт.

ФМС рейди. - Sputnik Ўзбекистон
Россияда ноқонуний мигрантларга "ов" бошланди

Жўраеванинг фикрича, йирик клининг компанияларида ёки қурувчилик тижоратида фаолият юритувчи ўзбекистонликлар яхши иш жойини йўқотиб қўйишдан қўрқишади ва иқтисодий инқироз вақтида даромадсиз қолмаслик учун ҳар нарсага боришга тайёр.

Эскпертнинг фикрича, фирибгарлар қармоғига чорасиз қолган “меҳнаткашлар” кўпроқ илинмоқда.

Патент бош оғриғига қарши дори
Шундай “меҳнаткашлардан” бири Sputnik мухбирига ўзининг аччиқ тажрибаси ҳақида сўзлаб берди. “Россияда Ўзбекистон фуқаролари тўқсон кун туриш ҳуқуқига эга. Яъни, агар патент расмийлаштирмаган бўлсангиз, уч ой ичида Ўзбекистонга қайтиб кетишингиз шарт. Россия ҳудудига эса орадан уч ой ўтиб қайтиб кириш мумкин бўлади. Мен талаб этилганидек, чегарага чиқиб келдим, қайтиб келиб рўйҳатдан ўтмоқчи бўлганимда, ФМСдан Россия қонунчилигини бузганлигим учун, яъни Ўзбекистонда уч ой эмас, атиги бир ой туриб қайтганим учун рўйхатдан ўтказмасликлари ҳақида расмий тушунтириш хатини олдим. Қайтиб кетишга пулим йўқ, бундай муаммога тайёр эмаслигим аниқ бўлиб қолди. Нима қилишни билмай турганимда, танишлардан бири сохта ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланадиган одамларнинг телефон рақамини берди. Ўша идора орқали 2500 рублга “тоза” регистрация қилдириб, патентга топширдим. Россия қонунчилигига амал қилмайдиган бўлсангиз, бош оғриқлардан қутилмаслигингиз аниқ. Рус тилини яхши билмайдиган ва қонунчиликни яхши тушунмайдиган ҳамюртларим учун Россияда яшаб, меҳнат қилиш осон кечмаётганини айтишим мумкин”, — дейди суҳбатдош.

Миграция бўйича саволларга Telegram орқали жавоб олиш мумкин

Озиқ-овқат магазинларидан бирида юк ташувчи бўлиб ишлаётган Ойбек олти йилдан буён Россияни тарк этмагани ҳақида айтиб қолди. “Ҳужжатсиз қандай яшаб келаяпсиз?” деган саволга у қуйидагича жавоб қайтарди: “Россияда нобиометрик паспортга патент расмийлаштирмай қўйишди. Юртимга қайтишни режалаштирганим ҳам йўқ, сабаби тайинли касб-корга эга эмасман, қайтсам, иш тополмай, сарсон бўламан. Мана шу давр мобайнида сохта регистрация ва сохта патент билан ишлаб юрибман. Иш берувчилар, мени расман ишга қабул қилмаганликлари учун уларга кўрсатган ҳужжатларим сохта эканидан бехабар. Сохта патентлар, бир йиллик тўлови билан Казанский вокзалда ҳар бир бурчакда сотилади”, — деб “сирлашди” суҳбатдош.

 “Яқинда бир ўртоғим 5000 рублга қирғиз паспортини олиб, патент ғавғосидан қутилишни таклиф қилди. Ҳозирча ўйланиб турибман…”, — тан олади Ойбек.

Россия ҳукумати раҳбарлари мамлакат чегарасини кесиб ўтишда қонунбузарлик ҳолатлари такрорланадиган бўлса, кескин чоралар кўрилиши лозимлиги ҳақида бир неча бор таъкидлашган. Агар ушбу ташаббус маъқулланса, нолегал мигрантларга нисбатан қамоқ жазоси қўлланилади. Сохта паспортга эга мигрантлар эса Россия қонунчилигида тўрт йилдан олти йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Шундай экан, “қирғиз паспорти” шундай таваккачиликка қўл уришга арзийдими, яхшилаб ўйлаб кўринг!

“Бошимни қайга урай?”
Юз берган иқтисодий инқироз туфайли айрим виждонсиз иш берувчилар ўз қўл остида ишлаётган мигрантларга ойлик маошларини ўз вақтида тўламасликлари ва ҳаттоки, пул бермай кўчага ҳайдаш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. Бундай ҳолларда боши берк кўчага кириб қолган Ўзбекистон фуқаролари ҳатто, қаерга мурожаат этишни ҳам билишмайди. Мигрантларга ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги — инкор этиб бўлмайдиган ҳолат. Фирибгарлар ана шундай “бошини қаерга уришни билмай қолган” мигрантлардан фойдаланишмоқда. Ўзбекистон фуқаролари қийин вазиятга тушиб қолишса, Москва шаҳридаги Умумроссия Ўзбеклар Конгрессига мурожаат этишлари мумкин, — дейди Умумроссия Ўзбеклар Конгресси президенти Иброҳим Худойбердиев.
—  Афсуски, мана шундай ташкилотлар борлиги ҳақида аксарият ўзбекистонликлар умуман билишмайди. Бу ҳақда маълумот тарқатиш билан Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги шуғулланиши лозим, — деб таъкидлайди Иброҳимов.

Москва шаҳрида мигрантлар қор тозалашмоқда. - Sputnik Ўзбекистон
Чет элда меҳнат қилаётган шахслар иш стажи Ўзбекистонда ҳисобга олинадиган бўлди

Худойбердиев ўзбекистонликлар орасида қалбаки ҳужжатларни харид қилаётганлар борлигини тасдиқлади. “Аммо бу жуда кам учрайдиган ҳолат. Бу ишнинг охири "вой" эканини мигрантлар яхши англамоқлари лозим”, — қўшимча қилди у.

Умумроссия Ўзбеклар Конгресси сайти орқали Россия ҳудудида яшаб меҳнат қилаётган ўзбеклар қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга эканликлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундан ташқари, Конгресс ходимларига қўнғироқ қилиш ёки уларнинг электрон манзилига ўзингизни қийнаётган масала борасида савол билан мурожаат этишингиз ҳам мумкин.

Ташкилот маош тўланмаслиги, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш билан шуғулланади. Фирибгарлардан фарқли ўлароқ, бу хизмат учун пул олинмайди.
Бундан ташқари Конгресс мутахассислари Россияда яшаш ва меҳнат қилиш билан боғлиқ ҳар қандай саволингиз бўйича консультация қилишга тайёр.
Фирибгарларга “ем” бўлманг!

Янгиликлар лентаси
0