ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik, Федор Смирнов. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон регионал муаммолар ечимини топиш учун россия-туркия муносабатлари тикланиши зарурлиги ҳақида баёнот қилди, РИА Новости хабари асосида.
"Афсуски, 24 ноябрдан кейин Россия билан муносабатларда мураккаб даврларни бошдан кечиряпмиз. Собиқ Иттифоқ парчалангандан кейин туркия-россия ўртасидаги муносабатлар муваффақиятли ривожланаётган эди. Аммо Россия ҳукумати охирги йилларда юритаётган сиёсат туфайли, ҳамкорлигимиз "Су-24 можароси”дан олдинроқ бузила бошлади. Москванинг “Су-24” уриб туширилишига нисбатан билдирган кескин муносабатини ҳанузга қадар ҳазм қила олмаган бўлсак-да, минтақадаги муаммолар ўзаро муносабатлар тикланишига зарурат туғдирмоқда. Сабаби, Россия ва Туркия жўғрофиямиздаги муҳим давлатлардир. Россиялик ҳамкасбларимиз буни тушунишларини ва баҳолашларини кутиб қоламиз”, — деб таъкидлади Эрдўғон АҚШга уюштирган сафари чоғида сўзлаган нутқи давомида.
2015 йил 24 ноябр куни туркиянинг F-16 қирувчи самолёти Россиянинг Су-24 бомбардимончисини Сурия осмонида уриб туширгач Россия ва Туркия муносабатлари батамом дарз кетди. Владимир Путин бу ҳодисага террорчилар шериклари томонидан “орқадан берилган зарба” дея баҳо берди ва Туркияга қарши махсус иқтисодий чоралар кўриш ҳақида фармон чиқарди.