ТОШКЕНТ, 29 мар – Sputnik. Авиапират томонидан қўлга олинган ва Ларнаки аэропортида мажбуран қўнишни амалга оширган А320 лайнери билан боғлиқ операция ўз якунига етди, деб хабар қилмоқда Кипр ТИВ, РИА Новости хабарига кўра.
"Ҳаммаси якун топди. Ҳозирда Бош вазир баёноти тайёрланмоқда", — деб хабар берди вазирлик ходимаси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон вақти билан 10:30да бортида 51 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзолари бўлган мисрнинг Egypt Air авиакомпаниясига тегишли А-320 йўловчи самолёти номаълум кимса томонидан қўлга олинган эди. Босқинчи портловчи қурилмани ишга туширишини айтиб, пўписа қилгани учун самолёт Кипрнинг Ларнаки аэропортида мажбурий қўнишни амалга оширишга мажбур бўлган.
Самолёт мажбуран қўндирилгач, авиапират экипаж аъзоларини асир олган ҳолда, келиб чиқиши мисрлик бўлган аёллар ва болаларни самолётдан чиқариб юборган, ҳамда Кипр ҳукуматидан сиёсий бошпана талаб қила бошлаган.
Соат 17.00 да авиапират таслим бўлган ва ҳибсга олинган.