ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Қирғизистон Ўзбекистон билан чегаранинг келишилган қисмларида муҳандислик иншоотларини барпо қилмоқда, деб хабар бермоқда РИА Новости "Вечерний Бишкек" нашрига таянган ҳолда.
Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати чегарани делимитация қилиш масалалари бўйича махсус вакили Қурбанбай Искандаров баёнот берган.
Чегарани аниқлаш ишлари якунига етгунга қадар, ҳеч қандай ишлар ўтказилмасликка келишилганига қарамай, Ўзбекистон чегаранинг 600 км ни тиканли сим билан ўраб чиқди, деб баёнот бермоқда Қирғизистон ҳукумати.
"Чегаранинг умумий узунлигидан 324 километрга эга ҳудуд белгиланмаган. Шу боис, чегаранинг аниқланган ҳудудларида муҳандислик иншоотларини барпо этиш бўйича ишларни ўтказмоқдамиз ва бу ҳақда Ўзбекистон томонни огоҳлантиряпмиз”, — деб баёнот берди Искандаров.
Қирғизистон ҳукумати сал олдин Ўзбекистон чегаранинг белгиланмаган қисмидан ўз ҳарбий техникасини олиб чиқиб кетганидан сўнг, икки ўртада музокаралар бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 18 март жума куни Қирғизистон чегара хизмати Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарада иккита БТР ва 40га яқин ҳарбийларни жойлаштиргани ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистон Чегарани қўриқлаш хизмати бу хабарга Наврўз байрами олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилди, дея изоҳ берган эди.
Сал вақт ўтгач, Ўзбекистонга жавоб тарзида Қирғизистон ҳам ўз чегарасида ҳарбийлар сонини кўпайтирди ва ўз БТРларини жойлаштирди. Ҳамда Ўзбекистон белгиланмаган чегара ҳудудидан ҳарбий техникалари ва аскарларини олиб чиқиб кетиш талабини қўйди.
Ўзбекистон Давлат Чегарасини қўриқлаш қўмитаси “санаб ўтилган ҳарбий техникалар Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилган, давлат чегарасини қўриқлаш эса иккиёқлама келишув асосида, белгиланмаган чегара ҳудудига кирилмаган тартибда амалга оширилмоқда”, дея таъкидлади.