ТОШКЕНТ, 23 мар – Sputnik, Александр Шишло. Брюсселнинг Скарбек коммунаси, Макс Роз кўчасида тинтув ўтказаётган полициячилар камикадзе-террорчи “Иброҳим ал Бакруй васияти”га дуч келдилар, деб хабар қилмоқда Бельгия Бош прокурори Фредерик ван Лев.
Эслатиб ўтамиз, Иброҳим ал Бакруй Брюссел аэропортида портлашни амалга оширган ҳудкуш-террорчилардан бири сифатида идентификация қилинган эди.
"У (ал Бакруй — таҳр.) шошилиши зарурлиги, шу боис, нима қилишни билмай боши қотаётгани ҳақида ёзган. Шунингдек, уни қидиришаётгани, ҳаёти хавф остида эканлиги тўғрисида ҳам айтиб ўтган. Бир жойда қолиб кетса, қамоқхонага тушишидан ҳавотир олган”, — деб ҳикоя қилди журналистларга прокурор Брюсселда бўлиб ўтган матбуот-анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни эрталаб Брюссел халқаро аэропортида кетма-кет иккита портлаш содир этилди. Брюссел ҳукумати ушбу портлашларда бир нечта ҳудкуш-террорчиларнинг қўли бор, деб ҳисобламоқда.
RTBF телерадиоканали бераётган хабарга кўра, уларнинг иккитаси шахси аниқланган. Улар ака-ука Иброҳим ва Холид ал Бакруйлар эканлиги эълон қилинди.
Брюсселда амалга оширилган портлашлар учун жавобгарликни “Ислом давлати” террорчилик уюшмаси ўз зиммасига олди. Сўнгги маълумотларга қараганда, Брюсселда амалга оширилган терактлар натижасида, жами 34 киши ҳалок бўлган, 250 киши жароҳат олган.
Терактлар туфайли Бельгияда фавқулодда ҳолат эълон қилинган ҳамда террорчилик хавфи ўта юқорилиги туфайли қирол оиласи мамлакатдан эвакуация қилинган.