ТОШКЕНТ, 22 мар – Sputnik, Александр Шишло. Брюссел аэропортида мудҳиш портлашларни амалга оширган камикадзе-террорчилар шахси аниқлаштирилди. Улар ака-ука Иброҳим ва Қалим ал Бакруйлар экани маълум бўлди, деб хабар бермоқда RTBF телерадиокомпанияси, РИА Новости.
Бундан сал олдин Бельгия полицияси камикадзе-террорчилар Завентем аэропортидаги видеокузатув камералари томонидан қайд этилган, дея хабар берган эди. RTBF маълумотига кўра, ака-укалар Париждаги терактларга ҳам алоқадор бўлиши мумкин. Хабарларга кўра, Қалим ал Бақрауй сохталаштирилган ҳужжатлар асосида Брюсселнинг Форе коммунасида турар жойни ижарага олган.
27 ва 30 ёшда бўлган бу ака-укалар полициячиларга яхши таниш. Жорий йилнинг январ ойида улардан бири полициячига ўқ узганлиги учун сиртдан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган бўлса, иккинчисига, автомобилларни ўғирлаб сотганлиги учун шартли равишда беш йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.
Эслатиб ўтамиз, Брюссел аэропортида сешанба куни эрталаб иккита портлаш содир этилди. Кўп вақт ўтмай, Брюсселдаги метро станцияларида ҳам иккита теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга қараганда, портлашлар оқибатида 34 киши ҳалок бўлган, 200га яқин киши жароҳатланган.