ТОШКЕНТ, 23 мар – Sputnik. 20 февралдан бошлаб ўтказилган "Тозалаш – Антитеррор" операцияси доирасида Ўзбекистон ИИВ 261 нафар чет элликни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборди, деб хабар қилмоқда Газета.uz нашри "Постда" газетасидан олинган маълумот асосида.
Тадбир доирасида милиция ходимлари ва “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси вакиллари ҳамкорликда ишлаб-чиқариш корхоналари, савдо жойлари ва кўнгилочар масканларда текширувлар ўтказилди ва 37 мингта паспорт-виза тартиби бузилиши ҳолатлари қайд этилди.
ИИВ ходимлари томонидан Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний яшаб юрган 261 киши — чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилди. Бундан ташқари, узоқ йиллар давомида чет элда бўлиб, Ўзбекистонга қайтган 70 мингга яқин фуқаролар рўйхатга олинди. Уларнинг аксарияти билан профилактик суҳбатлар ўтказилганлиги таъкидланмоқда.
"Умуман олганда, "Тозалаш-Антитеррор" тадбири доирасида ўтказилаётган тезкор-суриштирув тадбирлари мамлакатдаги криминоген муҳитга ўз ижобий таъсирини ўтказмоқда", — дейилади хабар матнида.