ТОШКЕНТ, 23 мар – Sputnik. 2015 йил якунларига кўра, Ўзбекистон меҳнат органларида рўйхатда турган ишсизлар сони 709,4 минг кишини ташкил этди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитаси хабарида.
2015 йилда иқтисодиётда банд бўлган аҳоли сони 13 миллион 058,3 минг кишини ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга ошди. Бандлар сонининг сезиларли ўсиш даражаси транспорт ва алоқа соҳасида (+3,8 фоизга), уй-жой коммунал хўжалиги ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишнинг ноишлаб чиқариш турида (+3,6 фоизга), савдо, умумий овқатланиш, таъминот ва тайёрлов соҳасида (+3,5 фоизга) ва қурилишда (+3,3 фоизга) кузатилди.
2015 йилда иқтисодий фаол аҳолининг бандлик даражаси (иқтисодиётда банд аҳолининг иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбати) 94,8 фоизни ташкил этди.
Нодавлат секторида банд бўлганларнинг жами бандлар сонидаги улуши 82,2 фоизга етди, бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврида 81,9 фоизни ташкил қилган.
2015 йил декабрь ойи охирида меҳнат идораларида иш қидирувчилар сифатида рўйхатдан ўтган аҳоли сони 2700 кишини ташкил қилди ва бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига (3400 киши) нисбатан 20,5 фоизга камайди. Ишсизлар сони (ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш методикасига асосан аниқланган) 709,4 минг кишини ташкил қилди ва иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан ишсизлик даражаси 5,2 фоизга тенг бўлди.
Айтилишича, 2015 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, мамлакатда аҳолининг иқтисодий фаол қисми 13,058 миллион нафарни ташкил этди(2014 йилга нисбатан 1,9 % ўсди). Ишсизлар сони эса 709,4 минг кишидан иборат.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2015 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра 5,2% ташкил этди.
2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 748,7 минг ишчи ўрни барпо этилди.
2016 йилда Ўзбекистонда 993 минг кишини иш жойи билан таъминлаш режалаштирилган. Ундан 148 минг иш жойи МДҲ давлатларидан қийин иқтисодий шароит туфайли қайтиб келаётган меҳнат мигратлари учун мўлжалланган. Экспертлар фикрига кўра ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 31 миллион аҳолисидан 3-4 миллиони ватианидан ташқарида меҳнат қилмоқда. Россия Федерал Миграция хизмати хабарига кўра, Россияда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари бор.