ТОШКЕНТ, 23 мар – Sputnik. 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон доимий аҳолисининг сони 31 миллион 576,4 минг кишини ташкил қилди, деб хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси. Ўтган йил давомида мазкур кўрсаткич 553,9 минг кишига ёки 1,8 фоизга кўпайганлиги таъкидланмоқда.
Шаҳар жойлари аҳолиси йил бошида 15,964 миллионга етган бўлса (аҳоли умумий сонининг 50,6 фоизи) қишлоқ жойларида — 15,612 миллионни ташкил этди (49,4 фоиз).
Туғилилишлар сони ўтган йилда 735,8 мингтани ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига(718,0 минг киши) нисбатан 17,8 мингтага кўпайди. Туғилиш коэффициенти мос равишда 23,5 промиллени ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (23,3 промилле) нисбатан 0,3 промиллега кўпайди.
2015 йилда ўлганлар сони 152,9 мингтани ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига(149,8 минг киши) нисбатан 3,1 мингтага кўпайди. Мос равишда ўлим коэффициенти 4,9 промиллени ташкил қилди (2014 йилда — 4,9 промилле).
Ўлганлар умумий сонидан 58,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,6 фоизи — ўсма касалликларидан, 5,9 фоизи — овқат ҳазм қилиш органлари касалликларидан, 5,4 фоизи — нафас олиш органлари касалликларидан, 6,6 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатлардан вафот этган.
2015 йилда бир ёшга тўлмаган 8,3 мингта болалар ўлими кузатилди. Болалар ўлими коэффициенти 11,4 промиллени ташкил қилди (2014 йилнинг январь-декабрида-10,8 промилле).
Бир ёшгача ўлган болаларнинг умумий сонидан 59,0 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 23,2 фоизи — нафас олиш органлари касалликларидан, 9,1 фоизи — туғма аномалиялардан ва 3,4 фоизи инфекция ва паразитлар билан касалланганлиги сабабли вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2015 йилда республика бўйича кўчиб келганлар сони 139,6 минг кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса 168,6 минг кишини ташкил қилди. Миграция қолдиғи минус 29,0 минг кишига (2014 йилда — минус 38,5 минг киши) тенг бўлди.