ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Туркия президенти Тойиб Эрдўғон Ғарб мамлакатлари ва Россияни қаттиқ танқид остига олди. Туркия президентининг фикрича, Анқара томонидан террорчилик уюшмаси деб тан олинган Қурдистон Ишчи партияси ва Сурия қурдлари демократик Иттифоқи партияси аъзолари ғарб мамлакатлари ва Россия томонидан қўллаб-қувватланмоқда, РИА Новости хабарига кўра.
"Қурдистон Ишчи партияси ва Сурия қурдлари демократик Иттифоқи партияси сингари террорчилик уюшмаларини қўллаб-қувватлаётганлар қурдистонлик иниларимиз эмас. Уларга кўмак бериб келаётган кучлар мутлақо бошқа. Террорчилик уюшмалари қўлидаги қуролга кўзимиз тушиши билан – улар ортида Ғарб ва Россия турганини кўрамиз. Террорчилик уюшмалари вакиллари худди ўша давлатлардан кўмак олиб келмоқда, худди ўша мамлакатларда уларнинг офислари очилмоқда. Ғарб террорчиларга бошпана бериб келяпти, уларга қарши жиддий кураш олиб бораётгани йўқ”, — деди Эрдўғон чоршанба куни қишлоқ оқсоқоллари олдида чиқиш қилар экан.
Туркия президентининг сўзларига қараганда, у ёки бу уюшмани террорчилар деб эълон қилиш билан иш битмайди.
"Сиз террорчиларга қарши қай тарзда кураш олиб бормоқдасиз? Уларга қарашли объектларни йўқ қилиш бўйича операцияларни қай тарзда амалга оширяпсиз? Қўлга олинган террорчиларни депортация қилаяпсизми ёки уларни ушлаб Туркияга бераяпсизми? Террорчилар молиявий манбаларни қаердан оляптилар? Биз бу ҳақда яхши хабардормиз ва, ҳамкорларимизга бу борада исботларни тақдим этдик. Аммо ҳанузга қадар жавоб келгани йўқ", — деб таъкидлади Туркия президенти.
У айни вақтда вужудга келган вазиятни Туркияда 1919-1923 йилларда мустақиллик учун олиб борилган урушга қиёслади.
Бундан сал олдин Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва қурдлар ҳақ-ҳуқуқи Туркия томонидан аёвсиз поймол этилаётгани юзасидан текширув ўтказилиши тарафдори эканлигини таъкидлаган эди. Лавровнинг сўзларига қараганда, суриштирув ишлари олиб борилмасидан туриб, Туркия раҳбарияти қурдларни Анқарада содир этилган терактда айблаган ва шу баҳонада, Суриядаги қурдлар истиқомат қилувчи туманларни ўққа тутган.