ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Қурдистон Ишчи партияси Анқарадаги портлашга алоқадор эмас, чунки, бу унинг “почерки”мас. Аммо ушбу портлаш Туркия қўшни давлатларга бостириб кириши учун жуда қўл келади, деб ҳисоблайди Москвадаги Қурдистон миллий конгресси вакили Салоҳиддин Соро.
Анқарадаги теракт — автобус бекатларининг бирида, мамлакат Бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобил одамларга лиқ тўла икки автобус ўртасида портлатилган.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирга қадар 37 киши ҳаётдан кўз юмгани, 125 киши жароҳат олгани, 71 киши касалхоналарда ётгани ҳақида хабар қилди.
Соро фикрига кўра, портлаш кичик террорчилик уюшмаларидан бири томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин. "Туркия Кавказ ва Яқин Шарқдаги ишларга мунтазам аралашиб келади. Туркия ҳукумати бурча террорчилик уюшмалари, шу жумладан “Ислом давлати” уюшмаси билан ҳам алоқада. Бу уюшмалар Туркияга кириб борган, шу боис, улар фақатгина турклар берган топшириқни бажарадилар, деб ўйлаш нодонликка кирмайдими? Террорчиларни бошқариш жуда қийин", — деб ҳисоблайди Соро.
Соро шунингдек, “Қурдлар ишчилар партиясига алоқадор бўлмаган, қурдлардан ташкил топган кичик террорчилик гуруҳлари мавжудлигини тан олди”. “Эътиборимни торган нарса шу бўлдики, теракт содир этилганидан кейин кўп ўтмай, Туркия президенти Тойиб Эрдўғон – Туркия ўзини ҳимоялашга ҳақли” экани ва “чет элда ҳарбий операциялар ўтказилиши мумкинлиги” ҳақида бонг урди”, — деб таъкидлади Москвадаги Қурдлар миллий конгресси вакили.
"Яъни, ҳали терактни ким амалга оширгани тафсилотлари аниқ бўлмай туриб, Эрдўғон бу каби таъкидлар билан чиқмоқда. Бу тасодифан эмас: Туркиянинг қўшни мамлакатларга нисбатан аллақандай режаси бор кўринади”, — деб таъкидлади Салоҳиддин Соро.
Ҳозирда турк ҳарбий қўшинлари Ироққа кириб борган. Ироқ ҳукумати бунга қаршилигини неча бор таъкидлаган бўлса-да, Туркия бу эътирозларга эътибор ҳам қилгани йўқ. Бундан ташқари, Сурия ҳукумати ва Сурия қурдлари Туркиядан томонидан бўлаётган мунтазам ўққа тутилишлар ҳақида арз қилиб келмоқда.