ТОШКЕНТ, 14 мар – Sputnik. Анқара шаҳридаги автобус бекатларининг бирида содир этилган теракт икки шоҳид-террорчи – эркак ва аёл томонидан амалга оширилган. Террорчилар шахси аниқланган, деб хабар қилади Hurriyet нашри полициячилардан олинган маълумот асосида.
Теракт автобус бекатларининг бирида, мамлакат Бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобил одамларга лиқ тўла икки автобус ўртасида портлатилган.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирга қадар 37 киши ҳаётдан кўз юмгани, 125 киши жароҳат олгани, 71 киши касалхоналарда ётгани ҳақида хабар қилди.
Берилган хабарларга кўра, террорчи қиз Баликесир шаҳридаги университетда таҳсил олган, 2013 йилда террорчилик уюшмаси сафига қўшилган. Қизнинг тўлиқ исм-шарифи ошкор қилинмаяпти, фақатгина исмининг бош ҳарфлари – С.Ч.Д. билан бошланиши айтилмоқда.
Haberturk нашри бераётган хабарга кўра, портловчи моддаларга тўлдирилиб, Анқара шаҳрида портлатилган BMW русумдаги автомобил 10 январ куни Туркиянинг Шонлиурфа шаҳридан олиб қочилган, ўша куннинг ўзида Диёрбақирга олиб келинган ва 26-феврал куни Анқарага ўтказилган.