ТОШКЕНТ, 14 мар – Sputnik. Россия фақат ўз манфаатига хизмат қиладиган соҳаларда АҚШ билан ҳамкорлик қилади, Вашингтон томонидан қилинадиган ҳар қандай душманлик ҳаракатига эса аёвсиз жавоб қайтаради, деб таъкидлади Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавров РЕН-ТВ телеканалига берган интервьюсида, РИА Новости хабари асосида.
"Вашингтон ҳаммага ҳам ўз ҳукмини ўтказа олмайди. АҚШнинг “босқинчилик” кайфияти, шак-шубҳасиз, ўтмишда қолади. Бу жараён осон кечмаслиги ва маълум вақтни олиши табиий. Аммо биз буни тушунган ҳолда, ҳаммаси ортда қолишини, вашингтонлик сиёсатчилар миясида эврилиш рўй бериб — янги воқелик зич бўлиб жойлашишини сабр билан кутамиз. Бу вақт оралиғида эса манфаатимизга хизмат қиладиган соҳаларда улар билан ҳамкорлик олиб борамиз. Аммо америкаликлар томонидан бизга нисбатан қилинадиган ҳар қандай душманлик ҳаракатига аёвсиз жавоб қайтарамиз", — деб таъкидлади у.
Россия ТИВ раҳбари шунингдек, жиддий муаммоларни якка ҳал қила олмаслигини АҚШнинг ўзи ҳам англай бошлаганига ишора қилди.
"Замон ўзгармоқда, мен бунга фалсафий қарайман. Ҳеч ким ва ҳеч нарса назорат қилмайдиган қудратга эга бўлишлик, менимча, бўшаштиради ва маълум маънода аҳлоқий бузуқликка олиб келади. Америкаликлар вужудга келаётган жиддий муаммоларни энди ёлғиз бартараф этолмайдиган даражага келиб қолганликларини англаб етдилар. Улар, ҳатто, қадимдан ўзларига иттифоқдош бўлиб келган мамлакатларга ҳам таъсир ўтказолмаяпти. Суриядаги урушни бартараф этиш учун америкаликларнинг Туркияга қўйган талаблари Анқара томонидан инкор қилингани бунга яққол мисол бўла олади. Америкаликлар Сурияда қурдлар билан ҳамкорлик қилмоқда, Анқара эса “Қурдлар Демократия иттифоқи” партияси (АҚШ ҳамкори ва иттифоқдоши)ни террорчилик уюшмаси деб эълон қилди ва қурдларни ўз ҳудудидан туриб ўққа тутмоқда. Биз америкаликлар эътиборини бу масалага бир неча бор қаратдик. Туркия ҳатти-ҳаракатлари барча келишув ва резолюцияларга зид эканлигини таъкидладик. Америкаликлар эса бунга жавобан, нигоҳларини ерга қаратиб, фикримизга қўшилишларини, аммо кимнидир тинчлантириш учун вақт кераклигини айтдилар”,- қўшимча қилди Лавров.