ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Охирги пайтларда Япония Марказий Осиё давлатларида ўз таъсирини сезиларли даражада кучайтирди. Сўнгги бир неча ой ичида япониялик тадбиркорлар ва Тожикистон ҳамда Қирғизистон ҳукумати ўртасида имзоланган бир қанча шов-шувли лойиҳалар бунинг яққол далилидир.
Гап фақатгина йирик битимлар ҳақида бормаяпти. Кичик лойиҳалар ҳам шулар сирасига киради. Мисол тариқасида, Тожикистон дзюдо федерацияси ривожи учун Япония томонидан 90 минг доллар ажратилишини олайлик. Албатта, бу хамир учидан патир деганларидек, бундан-да йирик лойиҳалар ҳам бор.
Чоршанба, 9 март куни, Япониянинг Тожикистондаги вақтинчалик элчиси Такаши Камада ва БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Митал “Хатлон вилояти чегарасини қўриқлашни кучайтириш” лойиҳаси борасида нота имзолашди.
Ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун Япония ҳукумати Тожикистонга 2,2 млрд АҚШ доллари ажратса, Қирғизистон ҳукумати “Манас” халқаро аэропорти техник жиҳатдан таъминланиши учун кун чиқар мамлакатдан 16 млн доллар оладиган бўлди.
"Японияни фақатгина Тожикистон қизиқтиради, деб бўлмайди. Японлар учун бутун Марказий Осиё муҳим аҳамиятга эга. Улар шу ерда томир отмоқчи. Шунчаки, Тожикистон ушбу минтақа маркази ҳисобланади. Бундан ташқари, Жанубий Хитой денгизи борасида вужудга келган муаммолар, яъни манфаатлар тўқнашувини ҳам инобатга олиш керак. Айниқса, Хитой ва Япония ўртасидаги тўқнашувни. Эндиликда бу икки давлат Марказий Осиёда рақобатлашишга ўтди”, — деб таъкидлади Sputnik Тожикистонга Геосиёсий муаммолар академияси вице-президенти Владимир Анохин.
Анохиннинг сўзларига қараганда, Япония ўз кўмаги учун Тожикистон ҳукумати ва минтақадаги бошқа давлатлардан маълум имтиёзларга эга бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. “Балки, Марказий Осиё мамлакатлари Японияга табиий қазилмалар конларига йўл очиб берар”, — дея тахмин қилди эксперт.
Аммо Москва Стратегик баҳолаш институти президенти Александр Коновалов Япония ҳатти-ҳаракатини геосиёсат сифатида баҳоланмаслиги керак, деган фикрни илгари сурмоқда.
"Бу Япония учун яхшигина бизнес. У катта бозорни эгаллаб олмоқчи, холос. Япония юқоритехнологияга оид компанияларга бой, улар учун янги истеъмолчилар ҳаводек зарур, Хитой томондан бўлаётган рақобат эса Японияни яшин тезлигида қарор қабул қилишга мажбур этмоқда", — таъкидлади эксперт.
Эслатиб ўтамиз, Япониянинг Тожикистондаги вақтинчалик элчиси Такаши Камада куни кеча Токио ва Душанбе ўртасидаги дўстона муносабатлар қай даражада муҳимлигини таъкидлаб, Япония ҳукумати бундан кейин ҳам Тожикистон республикаси аҳолисига яқиндан қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Душанбе шаҳрида ўтказилган тадбирда Япония ҳукумати Тожикистонга беғараз ёрдам дастури асосида 6та янги лойиҳани амалга ошириш учун 535 минг доллар моддий ёрдам кўрсатди.