ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Япония ҳукумати кичик кўламдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам тариқасида 11та лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилиши учун Ўзбекистонга 566 минг АҚШ доллари миқдорида навбатдаги грантларни ажратди, деб хабар беради Gazeta.uz.
Гранд-шартномаларни имзолаш маросими 1-март куни Тошкентда, Япония элчиси Фумихико Като, шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёров ҳамда Халқ таълими вазири ўринбосари Улуғбек Абруевлар иштирокида бўлиб ўтди.
«Япония ҳукумати 1995-йилдан бошлаб, тиббиёт, таълим, аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини юксалтириш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ўз ичига қамарб олган кичик кўламдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастурини амалга тадбиқ этиб келмоқда. Ўтган 20 йил давомида, яъни ўтган йилга қадар, умумий миқдори 23,28 миллион АҚШ долларини ташкил этган 352та лойиҳа амалга оширилди», — деб таъкидлади тадбирда Япония элчиси.
Янги грантлар доирасида Тошкент вилояти, Шайҳонтоҳур туманидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган №37 мактаб, Андижон вилояти Асака туманидаги №14 махсус мактаб-интернат, Бухородаги кўриш қобилияти суст бўлган болалар мактаби(№24), Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги №93 ўрта таълим мактаби, Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманидаги №15 ўрта таълим мактаби, Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги №40 ўрта таълим мактаби жиҳозлар билан таъминланади.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Халқ таълими қошида ташкил этилган №1 мурувват уйи, Самарқанд шаҳридаги №20 мактабгача таълим маскани, Сариосиё тумани тиббиёт уюшмаси, Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Номданак” қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, Тошкент вилоятидаги ногиронлар учун реабилитация марказига ҳам замонавий жиҳозлар етказиб берилади.