ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Агар Ер шари аҳолиси худди бугунги каби кўпайишда давом этса, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб-чиқариш усуллари ва одамларнинг озуқага бўлган талаби ўзгармаса, 2050 йилга келиб инсоният ўткир озиқ-овқат танқислигига дуч келиши мумкин, дейилади Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF)томонидан тайёрланган баёнотда.
"Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ҳозирданоқ ўсимлик ўсиши мумкин бўлган ерларнинг 50% ишлатилмоқда. Бунда шуни инобатга олиш керакки, озиқ-овқат ишлаб-чиқарилиши, бу атроф-муҳитга таъсир этувчи, уни трансформация қилувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади”, — деди баёнот муаллифлари.
Баёнотда кўрсатилишича, иқлим ўзгаришига олиб келувчи парник газларининг 25-30% айнан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб-чиқарилиши туфайли ҳосил бўлади. Шу билан бир қаторда, Ер юзида ичишга яроқли чучук сув миқдори 3%ни ташкил қилган бир пайтда, унинг 69% айнан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун “тортиб олинаётгани” айтиб ўтилган. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги уюшмаси (FAO) маълумотига кўра, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларининг 31% шунчаки ахлатга чиқариб ташланмоқда. Инсоният учун яроқли озиқ-овқат маҳсулотларининг йиллик “йўқотиши” 1,3 миллиард тонна, деб баҳоланмоқда. Ахлатга улоқтирилаётган маҳсулотларнинг чорак қисми ҳам 795 миллион оч одамларни тўйдириш учун етар эди, дейилади баёнотда.
Бир қатор давлатларда эса, дон экиладиган майдонлар сонини кўпайтириш мақсадида тропик ўрмонларни бир бошдан кесиб чиқмоқда.
"Мисол учун 2014 йилда Бразилияда ўрмонларнинг 29% бой берилди”, изоҳ берилади баёнотда.
Экологияга оид фожианинг олдини олиш ва шу билан бир қаторда инсониятни озиқ-овқатсиз қолдирмаслик учун WWF экология сертификацияси тизимини жорий этиш ва ривожлантиришни таклиф қилмоқда.
Ишлаб-чиқаришнинг бу стандартлари соя(RTRS), пальма ёғи (RSPO), ёввойи балиқ (MSC) ва денгиз маҳсулотларини етиштириш соҳаси (ASC) учун яратилган.