ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо-мамлакатлар иқтисод ва савдо вазирларининг навбатдан ташқари учрашувини ўтказиш ташаббуси билан чиқди, деб хабар қилди Россия президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов.
Хакимов Россия президенти Владимир Путиннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи – Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти-Жануби-Шарқий давлатлар ассоциацияси чизиғи бўйича консультациялар механизмини ишга тушириш ташаббуси ҳақида ҳам эслатиб ўтди.
"Ушбу учрашув кун тартибидаги мавзу бўлиб турибди. Умумиттифоқ иқтисодий ҳудудни яратиш ғоясини амалга ошириш борасида, Россия Иқтисодий ривожлани вазирлиги ШҲТга аъзо мамлакатлар Иқтисодиёт вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Учрашув ўтказиладими билмадим, нима бўлган тақдирда ҳам ушбу мавзу кун тартибида турибди", — деб таъкидлади Ҳакимов.
Бундан ташқари, Москва ШҲТга аъзо-мамлакатлар ва кузатувчи давлатларга “Иккинчи трек. Фуқаролар жамияти ва жамоатчилик дипломатиясининг ШҲТ ривожланиши ва кенгайтирилишида тутган ўрни” мавзусида ўтказиладиган халқаро форумга таклифномаларни йўллади.
"Биз ШҲТга аъзо-мамлакатлар вакиллари билан бир қаторда, ушбу ташкилотга қўшилишга номзод(кузатувчи мамлакатлар) мамлакат вакилларини ҳам таклиф этиш ғоясини бажонидил қабул қилдик. Таклифномалар ва дастлабки маълумотлар барча элчихоналарга юборилди… Таклифга нисбатан мамлакатлар аста-секин ўз жавобларини йўлламоқдалар”, — таъкидлади Ҳакимов.
Тадбир Москва ёки Сочида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.
Ҳакимов, жорий йилда Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити ҳақида гапирар экан, учрашувда Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши ҳақида меморандум имзоланиши ҳақида айтиб ўтди.
“Бу ҳақда кўп бор таъкидлаганмиз, ШҲТга аъзо бўлиш – босқичма-босқич амалга ошириладиган жараён. Аввалига ташкилотга қўшилиш қарори қабул қилинган эди, энди эса Ҳиндистоннинг мажбуриятлари борасида ҳужжат имзоланади. Меморандум Тошкентда имзоланади. Ҳар холда биз ҳозир бунинг устида ишлаяпмиз”, — таъкидлади Ҳакимов.
ШҲТга аъзо мамлакатлар — бу Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон. Белоруссия, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон эса кузатувчи давлатлар мақомига эга. 2015-йил июл ойида ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қўшиш жараёни ишга туширилган.
Бу йил ШҲТга раислик қилиш ваколати Ўзбекистонга ўтди. ШҲТ саммити 2016-йил 23-24 июн кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.