ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Мамлакатимизда хавфли инфекциялар, шу жумладан, Зика вирусининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда, деб хабар қилган “Халқ сўзи” газетасига Давлат Санитария-эпидемиология назорат маркази Бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Дилором Турсунова, «Газета.uz» хабарига кўра.
«Барча халқаро аэропортлар, вокзаллар ва божхона постларида мамлакатимиз чегарасини кесиб ўтаётган беморни олдиндан аниқлаш учун телевизорлар ўрнатилган”, — деб таъкидлади Дилором Турсунова.
Давлат Санитария-эпидемиология назорат маркази Бош бошқармаси раҳбари ўринбосарининг таъкидлашича, айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида Зика вирусини юқтирганлар қайд этилмаган. Ушбу касалликларни четдан олиб келиб юқтириш ҳолатлари Европа мамлакатларида қайд этилган.
Зика вируси ҳам “Aedes” туркумига мансуб қон сўрар “Aedes aegypti” ва “Aedes albopictus” чивинлари чақиши туфайли юқадиган касалликдир.
Зика вируси ҳомиладор аёлларга кўпроқ хавф солади. Сабаби вирус ҳомиладор аёлдан болага юқса, чақалоқ микроцефалия (бошнинг меъёридан кичик бўлиши) билан туғилади. Бу эса болада ақлий заифлик, кўриш ва эшитиш қобилиятининг пасайишини келтириб чиқаради.Вируснинг яна бир хавфли жиҳати — у Гийена-Барре синдромини келтириб чиқариши мумкин. У ноёб аутоиммун касаллик бўлиб, мушаклар ҳолсизлиги билан намоён бўлади. 15 фоиз ҳолатда синдром фалажликни келтириб чиқариб, нафас етишмовчилиги сабабли ўлимга олиб келиши ҳам мумкин.