ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Жамоат транспортларини роутерлар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳа муаллифлари — Evo ҳамда "Тошшаҳартрансхизмат” компаниялари раҳбарлари дастлабки синов босқичи муваффақиятли якунлангани сабаб, иккинчи синов босқичи давомида роутерлар автобуслардан олиб ташланиши ҳақида хабар қилишди. Бу ҳақда Evo оператори расмий сайтида таъкидланган.
"Синовнинг иккинчи босқичида автобусларда бепул интернет — Wi-Fi ишламайди", дейилади хабарда.
Бепул Wi-Fiга эга илк автобуслар Тошкентда феврал ойи бошида пайдо бўлган эди. Мутахассислар синовнинг дастлабки босқичи муваффақиятли якунлангани ҳақида таъкидлашмоқда.
Синовнинг якуний босқичи март ойи охиригача ўтказилиши кутилмоқда.
2016 йил якунига қадар пойтахтдаги барча автобуслар роутерлар билан жиҳозланиши кутилмоқда. Интернет 4G LTE технологияси ёрдамида улашилмоқда. Йўловчилар фикрига кўра, Wi-Fi тезлиги шикоятга ўрин қолдирмайди. Тармоққа уланиш учун пароль шарт эмас.