ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Москва шаҳрида жойлашган Ўзбекистон элчихонасида эски турдаги паспортларни янги — биометрик паспортга алмаштириш штатли тартибда амалга оширилмоқда. Москвага доимий яшашга келганлар кўрсатилган тартибда биометрик паспорт олиш ҳуқуқига эга. Элчихона олдида узундан-узоқ навбатда туриш ҳолатлари кузатилгани йўқ, хабар қилади Sputnik мухбири.
Элчихонага паспорт алмаштиришга келганларнинг сўзларига қараганда, ҳужжатни алмаштириш қисқа фурсатда амалга оширилмоқда.
Сал олдин бир қатор ОАВларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг биометрик паспортга эга бўлиш муддатини узайтирмаслик қароридан кейин Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси олдида мингдан зиёд кишилардан узундан-узоқ навбатда туриш ҳолатлари юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналаридан кимлар биометрик паспорт олишга ҳақли?
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналаридан қуйидаги фуқаролар биометрик паспорт олишлари мумкин:
- Чет элга доимий яшаш учун чиққанлар ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхонасида доимий консуллик ҳисобида турганлар;
- Чет элга хизмат сафари, ўқиш, даволаниш, шартнома асосида ишга чиққан (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан чет элда ишлашга лицензия мавжуд бўлса) ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхонасида вақтинча консуллик ҳисобида турадиганлар.
Ўзбекистонда 2011 йилдан буён нобиометрик паспортларни янги турдаги паспортга алмаштириш йўлга қўйилган. Эски турдаги ҳужжат муддати 2015 йилнинг декабрида тугаши керак эди, аммо бу муддат 2018 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди. Ушбу қарор Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қиладиган фуқаролар учунгина жорий этилади.
Хорижга чиқмоқчи бўлганлар мажбурий тартибда биометрик паспортни расмийлаштиришлари лозим.