ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Сўнгги уч йил давомида Россияда ҳарбий машғулотлар сони кўпайди. Айрим машғулотларда ядро бомбардимонлари ўрганилди, деб баёнот берди НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, РИА Новости хабари асосида.
Столтенбергнинг сўзларига қараганда, 2013 йилда Россия ҳарбий кучлари 18та йирик кўламдаги машғулотларни ўтказган, уларнинг айримларига 100 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилар жалб қилинган. Бош котибнинг таъкидлашича, бу каби ҳаракатлар НАТО хавфсизлик тизимига раҳна сола оладиган "кутилмаган” омилдан бўлак ҳеч нарса эмас.
"Бу машғулотларда НАТОга аъзо ва ҳамкор мамлакатларга ядро ҳужумлари симуляцияси амалга оширилди. Жумладан, 2013 йилнинг март ойида ўтказилган машғулотларда Швецияга ҳужум машқ қилинди. Шунингдек, Россия ўзига қўшни айрим мамлакатларга пўписа тариқасида ўз ҳарбий техникаси ва шахсий таркиб аскарлари яширин ҳаракатланиши машқларини ўтказди", — дейилади баёнотда.
Айни вақтда НАТО альянснинг шарқий қисмини ҳарбий жиҳатдан кучайтириш чораларини муҳокама қилмоқда. НАТОнинг ҳарбий жиҳатдан кучайтирилиши ва Россия чегарасига тобора яқин келаётгани эса Кремль томонидан миллий хавсизликка таҳдид сифатида баҳоланмоқда.