ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik, Алексей Богдановский. Саудия Арабистони Ташқи ишлар Бош вазири Одил ал-Жубайр қатл қилинган Нимр-ан-Нимр шиа имоми бўлган деган маълумотларни инкор этди, хабар қилади РИА Новости.
"Нимр ан-Нимр — террорчи бўлган. У дин тадқиқотчиси эмасди", — таъкидлади ал-Жубайр CNNга берган интервьюсида. Бош вазирнинг сўзларига қараганда, ан-Нимр "террорчиликни оқлаган, жангариларни ёллаш ва уларга молиявий ёрдам кўрсатиш сингари ишлар билан шуғулланган. У ҳужумларни режалаштирган ва амалга оширишда шахсан иштирок этган. Ан-Нимр амалга оширган террорчилик ҳужумлари оқибатида хавфсизлик хизмати ходимларининг бир қанчаси ҳалок бўлган".
Шиа тарғиботчиси ан-Нимр Саудия Арабистонини бошқараётган суннийлар сулоласининг энг кўзга кўринган рақиби ва танқидчиси бўлган. Аммо, аксарият кузатувчиларнинг таъкидига қараганда, шайх ан-Нимр ҳеч қачон одамларни зўравонликка даъват қилмаган.
2012 йилда ҳибсга олинган шиа имоми, 2016 йилнинг январида қатл қилинди. Ан-Нимр қатли Эрон диний етакчиларининг кескин ғазабини келтирди. Натижада оммавий тартибсизликлар юзага келиб, Эрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум уюштирилди. Бу воқеадан кейин Ар-Риёд Теҳрон билан дипломатик алоқаларни тўхтатди.