ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи етакчиси Оймон аз-Завоҳирий Саудия Арабистонига ҳужум уюштиришга даъват қилмоқда, хабар қилади РИА Новости, The Independent маълумотига таянган ҳолда.
Шу ҳафтада эълон қилинган 7 дақиқалик аудиомурожаатда жангарилар етакчиси ўз издошларини Саудия Арабистони қироли оиласига ҳужум уюштиришга чақирган. Ўз даъватида у Саудия Арабистонини “динингизнинг бузилишига сабабчи бўлган чириган давлат”, деб атаган.
Аз-Завоҳирий “Салиб юриши қатнашчилари иттифоқи”га қарши ҳам ҳужум уюштиришга чақирган. У бу ном остида Исроил давлати ва унинг ғарбий иттифоқдошларини назарда тутган. Террорчилар етакчиси ушбу ҳужум Саудия Арабистони учун катта зарба бўлади, деб ишонч билдирган.
Террорчилар етакчиси мурожаати Саудия Арабистонида амалга оширилган қатлдан сўнг эълон қилинди. Нашрда таъкидланишича, қатл қилинганларнинг аксарияти “Ал-Қоида” амалга оширган ҳужумларда иштирок этганликда айбланган.
Саудия Арабистони қироллиги 2 январ куни 47 киши, шу жумладан, шиа имоми Нимр ан-Нимр қатли ҳақида эълон қилган эди. Шиа тарғиботчисининг қатли Эрон шиа сиёсий ва диний арбобларини қаттиқ ғазаблантирди ва бу охир-оқибат, оммавий норозиликларга айланиб кетди. Норозилик намойиши иштирокчилари Эрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум уюштиришди. Ушбу ҳодисалардан сўнг, Ар-Риёд Теҳрон билан дипломатик алоқаларни тамомила узишга қарор қилди. Суннийлар ҳукмрон қиладиган етакчи араб мамлакатларидан бири — Ар-Риёдни қўллаб-қувватлаш мақсадида — Баҳрайн, Судан, Сомали ва Жибути давлатлари ҳам Эрон билан дипломатик алоқаларга чек қўйдилар. Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Қатар давлатлари эса Теҳрон билан дипломатик муносабатларни ишончли вакил даражасигача туширди.