ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik, Ирина Чумакова. Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон мусулмон аёллари инглиз тилини қисқа вақт исида ўрганиб олишларига эришиш учун махсус кампанияни ҳаётга татбиқ қилди. Эндиликда, тил билмайдиган мусулмон аёллари оиласи билан ажрашиши мумкин. Сабаби, Британия ҳукумати бундай аёллар мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида эълон қилди. Шунингдек, мусулмон аёллари мактаб ҳамда бошқа расмий идораларда юзларини очиб юришга мажбур этилади.
“Британияга келаётган мусулмон аёллари 2,5 йил ичида тилни ўрганиб олишлари керак”, — деди Бош вазир. Аёлларнинг тилни қанчалик яхши билишлари махсус имтиҳон ёрдамида текширилади.
“Агар тилни ёд олмасангиз, Буюк Британияда қолишингизга ҳеч ким кафолат бермайди”, — деди Кэмерон душанба куни.
Ҳукумат бошлиғининг сўзларига қараганда, тил билмаган аёллар ўз оилаларидан ажралишлари мумкин. Фарзандлар эса, онаси билан бирга депортация қилиниши эҳтимоли борлиги таъкидланди.
Эълон қилинган режага мувофиқ, Британиядаги мусулмон аёлларига инглиз тилини ўргатиш дастури учун ҳукумат томонидан 20 миллион фунт ажратилган. Ушбу дастур доирасида имтиҳонлар октябр ойида бошланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, режага мувофиқ, мусулмон аёлларига мактаб, чегара, суд, полиция маҳкамалари, шунингдек, бошқа расмий идораларда юзни тўлиқ ёпиқ ҳолда тутиш таъқиқланади.