ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Сурия ҳудудидан Туркия жануби, Килис провинциясига қараб отилган снаряднинг портлаши натижасида, икки киши оламдан ўтди, РИА Новости Haberturk портали асосида.
Сўнгги маълумотларга қараганда, тўрт киши жароҳатланган.
Жами иккита снаряд портлаган. Улардан бири, машғулот ўтаётган мактаб ҳовлисига келиб тушган. Полициячилар берган маълумотларга кўра, икки киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши жароҳатланган.
"Бугун эрталаб иккита снаряд портлади — улардан бири мактаб ҳовлисига, иккинчиси сал наридаги кенг майдонга келиб тушган. Снарядлар сони ундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Улар Суриядан отилган, деб тахмин қилинмоқда. Тўрт киши жароҳатланган. Жабрланувчилар маҳаллий касалхонага ётқизилган. Снаряд тушган мактабда эвакуация ишлари амалга оширилди. Тумандаги бошқа мактабларда ҳам шундай ишлар амалга оширилмоқда", — деди мэр NTV телеканали эфирида.
Мэр Туркия ОАВларида ёзилгани каби, портлаш натижасида икки киши ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқламади. У ҳозирда хавфсизлик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида айтиб, маҳаллий аҳолидан ваҳимага тушмасликни сўради.
Ҳодиса рўй берган жойга кўплаб тез тиббий ёрдам машиналари ва полициячилар етиб келишган. Тергов ишлари бошлаб юборилган.