Турк ҳарбийлари Истамбулдаги терактдан сўнг 200га яқин жангариларни йўқ қилди

Oбуна бўлиш

ТОШКЕНТ, 14 янв  — Sputnik.  Истамбулда юз берган портлашдан сўнг Туркия ҳарбий кучлари томонидан 200га яқин “Ислом давлати” террорчилик уюшмаси аъзолари йўқ қилинди, деб хабар қилди бугун Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли.

Истамбул яқинидаги Султонаҳмад тумани марказий майдонида сешанба куни кучли портлаш юз берган эди. Маълумотларга қараганда, теракт содир этилган вақтда майдонда бир гуруҳ чет эллик сайёҳлар бўлган. Ҳукумат маълумотларига кўра, ўн киши ҳалок бўлган, 17 киши жароҳат олган. Туркия президенти Тойиб Эрдўғон портлаш Суриялик камикадзе-террорчи томонидан амалга оширилгани ҳақида расман эълон қилди. Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли эса террорчи “ИД” террорчилик уюшмаси аъзоси эканлигини таъкидлади.

"Истамбулдаги теракт ортида “Ислом Давлати” тургани маълум бўлгач, қуролли кучларимизга тегишли кўрсатмалар берилган эди. Рўй берган воқеадан 48 соат ўтиб, ҳарбийларимиз Сурия ва Ироқдаги “ИД” террорчилари позицияларига ҳужум уюштирдилар. Танк ва артиллериялардан 500 маротаба ўқ отиш амалга оширилди. “Ислом давлати”нинг 200га яқин жангарилари йўқ қилинди. Улар орасида террорчилар бошлиқлари ҳам бўлган", — деди Довутўғли тўғридан-тўғри эфирда чиқиши вақтида. Бош вазир чиқиши NTV телеканали томонидан намойиш қилинган.

Янгиликлар лентаси
0