ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Тойиб Эрдўғон Туркия ҳукуматидан мамлакат жануби-шарқидаги зўравонликларга чек қўйиб, “қурдлар масаласи”ни тинч йўл билан ҳал этишга чақирган таниқли олимларни “нодонлар”, деб атади, РИА Новости хабарига кўра.
Бир оз олдин, 1128 нафар турк ва чет эл олимлари “Биз бу жиноят иштирокчиларига айланишга қаршимиз” деган сарлавҳа остида ушбу мурожаатномани чоп этиб, Туркия ҳукумати раҳбарларини мамлакат жануби-шарқидаги “қирғин-барот"га чек қўйишга ва қурдлар масаласини тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган эдилар.
Мурожаатномага имзо чекканлар орасида жаҳонга машҳур олимлар – тилшунос Ноам Хомский, географчи Дэвид Харви, социолог Иммануил Валлерстайн ва бошқалар бор эди. Туркия Таълими Олий кенгаши бунга жавобан ушбу мурожаатномага имзо чеккан турк олимларига қарши юридик чоралар қўлланилишини эълон қилди.
"Ўзини олимлармиз, деб атаётган бу оломон, ўз баённомасида давлатни айбламоқда. Ҳой, зиёли номига даъво қилаётганлар! Сизлар олимлармас, омиларсиз. Сизларнинг зиёли эканликларингизга шубҳа қиламан. Чунки, сиз нодонлар, мамлакат жануби-шарқи ҳақида ҳеч нарса билмайсизлар. Биз эса ушбу ҳудудни худди уй манзилимизни билгандек, биламиз", — таъкидлади Эрдўғон, Анқарада дипломатлар олдида чиқиш қилар экан. Эрдўғоннинг чиқиши NTV телеканали томонидан намойиш қилинди.
Эрдўғоннинг сўзларига қараганда, мамлакатда қурдлар масаласи йўқ, террорчилик муаммоси бор, холос. Эрдўғон мурожаатномага қўл қўйган чет эллик олимларга Туркияни зиёрат қилишни таклиф этди.
"Биз уларга воқеа тўғрисида ипидан-игнасигача айтиб беришга тайёрмиз. Улар мамлакатимизга ташриф буюриб, жануби-шарқдаги қонунбузарликлар сабаби давлатга боғлиқми ёки террорчилар уюшмасига, келиб, ўз кўзлари билан кўришсин”, — қўшимча қилди Эрдўғон.
Туркия ҳукумати томонидан мамлакат жануби-шарқидаги бир қатор аҳоли пунткларида декабр ойида “комендант соати” эълон қилинган эди. Асосан қурдлар яшайдиган ушбу шаҳарларда мамлакат ҳарбийлари ва Туркияда фаолияти таъқиқланган Қурдистон Ишчи партияси ўртасида тўқнашувлар рўй бериши давом этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркия фонди хабарига кўра, 2015 йилнинг 16 августидан буён террорчиларга қарши операциялар ўтказилаётган ушбу ҳудудда 162 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.