ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik, Иван Захарченко. Шимолий Корея чегарасида Сеул томонидан ўрнатилган овоз карнайларидан таралаётган тарғибот эшиттиришларни 24 километр масофадан туриб тинглаш мумкин. Бунга жавобан Шимолий Корея ҳам ўз овоз карнайларини ўрнатишга қарор қилди. Камига, Сеулни тарғибот варақалари билан кўмиб ташламоқда, хабар қилади РИА Новости.
Шимолий Кореяда водород бомбаси синовдан ўтказилиши Жанубий Кореяни ҳушёр тортишга мажбур қилди. КХДРнинг ушбу ҳаракатига қарши Сеул чегаранинг ўнлаб нуқталарида Пхеньянга қарши ташвиқот эшиттиришларини узатувчи овоз карнайларини ўрнатди. Бу ҳақда чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот-анжуманида Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе хабар қилди.
"Ҳукуматимиз бундан буёғига, ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш масадида, карнайлар овозини кучайтирса-кучайтирадики, пасайтирмайди. Токи Шимолий Корея аҳлига ҳақиқат етиб бориши тарафдоримиз", — деди Пак Кин Хе.
Жанубий Корея президентининг сўзларига қараганда, "тоталитар тузумга қарши энг улкан куч — бу ҳақиқат".
Ўтган йилнинг август ойида Шимолий Корея Сеул томонидан ўрнатилган овоз карнайларини ўқ очиш орқали йўқ қилишини айтиб, пўписа қилганидан кейин иккала томон қийинчиликлар билан бўлса-да бу карнайларни олиб ташлашга келишиб олишган эди. Аммо бу сафар, Сеул карнайларидан таралаётган ташвиқотларни “ўчириб қўйиш” мақсадида Шимолий Корея ўз овоз карнайларини ўрнатишга қарор қилди.
Рёнхап агентлиги маълумотига кўра, чоршанба куни Жанубий Корея ҳудудидан Шимолий Корея томонидан улоқтирилган 3300 та ташвиқот варақалари топилган. Варақаларда Пхеньянга қарши “руҳий уруш”ни бас қилишга чақирилган.