ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. “Сурия осмонида Россия бомбардимончисини уриб тушириб, Россияга бўлиб ўтган воқеани тушунтириб бериш ўрнига, “НАТО штаб-квартирасига дийдиё қилиб борган” Туркиянинг ҳатти-ҳаракатлари жуда ғалати ва пасткашларга хос”, — деб таъкидлади Россия етакчиси Германиянинг “Bild” нашрига берган интервьюсида.
"Туркия раҳбарияти террорчиларга авиазарбалар берган бомбардимончимизни уриб тушириб, ҳарбий жиноятга қўл урди. Туркия қилган иши юзасидан Россия билан орани очиқ қилиб олиш ўрнига, НАТО штаб-квартирасига югуриб, “дийдиё” қилишга тушди. Менинг наздимда, бу жуда ғалати ва пасткашларга хос ҳаракат", — деди Путин.
Путин, шунингдек, Россия-Туркия муносабатларидаги муаммолар Туркия НАТОга аъзолиги учун юзага келмаганини алоҳида таъкидлади.
"Туркия ‒ НАТО аъзоси. Аммо юзага келган муаммолар Туркиянинг НАТОга аъзолигига боғлиқмас. Туркияга ҳеч ким ҳужум қилгани йўқ", — деди у.
"Яна бир бор такрорлайман: НАТО ўзига аъзо давлатларни ҳужумлардан ҳимоя қилмоғи лозим, аммо Туркияга ҳеч ким ҳужум қилаётгани йўқ. Нима, агар Туркия дунёнинг қайсидир бўлагидан ёки ўз яқинида жойлашган давлатдан манфаатдор бўлса, демак НАТО, у кўзлаган манфаатларни ўз ҳимоясига олиб, амалга оширишга ёрдам бериши керак эканда? Бу НАТОнинг Германия сингари аъзоси Туркияга унга яқин ҳудудларни ўзлаштиришда кўмаклашиши керак, дегани эмасми?" — қўшимча қилди Путин.
Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар сермаҳсул натижаларни бераётган эди. Икки давлат президентлари Владимир Путин ҳамда Ражаб Тойиб Эрдўғон йил мобайнида бир неча бор учрашиб, келажакда давлатлар ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажмини 2014 йилги 30 миллиарддан 100 миллиардга етказиш истиқболлари ҳақида келишувларни муҳокама қилиб турган бир пайтда, яъни 24 ноябр куни Туркиянинг F-16 қирувчиси Сурия осмони устида Россиянинг Су-24 бомбардимончисини уриб туширди.
Путин бу ҳаракатга "террорчилар ҳамтовоқлари томонидан орқадан берилган зарба” дея баҳо берди. Анқара Су-24 Туркия ҳаво чегарасини бузганлигида қатъий турган бир пайтда, Россия Бош штаби Су-24 Туркия ҳаво чегарасини бузмаганини, Сурия Ҳарбий Мудофааси маълумотлари буни тасдиқлашини таъкидламоқда.