ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Америка Қўшма Штатлари Жанубий Кореяга В-52 бомбардимончисини юбораётганидан хабар топган Шимолий Корея, агар Америка ушбу қароридан қайтмаса, ядро қуролини ишга солишини маълум қилди.
6 январ куни Шимолий Корея АҚШ томонидан йўқ қилиниши мумкинлиги хавфини олдини олиш мақсадида водород бомбасини синовдан ўтказганини маълум қилган эди. Америкаликлар бунга жавобан Жанубий Кореяга стратегик аҳамиятга эга бўлган қурол-аслаҳаларни кирита бошладилар.Якшанба куни Тинч океанидаги американинг Гуам ҳарбий базасидан Жанубий Кореяга учар ракеталар билан қуроллантирилган В-52 бомбардимончиси олиб келинди. Шу кунларда, Корея қирғоқларига “Рональд Рейган” атом авиаташувчиси ҳам олиб кирилиши эҳтимоли муҳокама қилинмоқда.
"Атомга қарши атом билан, бу бизнинг жавобимиз", — Шимолий Кореянинг энг оммабоп “Нодон синмун” нашри шундай сарлавҳа остида мақола чоп этиб, АҚШнинг Кореяга нисбатан сиёсатини қоралаб чиқди.
"Ҳозир АҚШ Жанубий Кореяга ўзининг стратегик бомбардимончисини олиб киришини муҳокама қиляпти. Унинг бу ҳаракати вазиятни уруш ёқасига олиб келяпти”, — таъкидлайди нашр. “Америка “ҳолатга реал баҳо бериши” лозим. Кореяга қарши чиқиш қандай якун топишини “тарихга назар солиб” яна бир ёдга олса, ёмон бўлмасди. Америкаликларнинг бахтига қарши ўтмишда “Корея-Америка” тўқнашувида биз ғолиб чиққанмиз”, — деб ёзади "Нодон синмун".
2015 йилнинг октябрида “Рональд Рейган" авиаташувчиси Жанубий Кореядаги ҳарбий-денгиз машғулотларида қатнашган. У 80га яқин ҳарбий самолёт ва 5,4 мингга яқин ҳарбий хизматчиларга эга.
1950-1953 йилларда Корея ярим оролидаги ҳарбий тўқнашув тинчлик битими билан якун топганидан бери Қўшма Штатлар ва Шимолий Корея муносабатлари “совуқ уруш” ҳолатида.
Пхеньяннинг тинчлик келишувини имзолашга ва АҚШ билан расмий муносабатларни тиклашга қилаётган ҳаракатлари натижасиз қолмоқда: Вашингтон ушбу масалани муҳокама қилишдан кескин бош тортиб келяпти. Америка “Шимолдан келиши мумкин бўлган хавф”нинг олдини олиш мақсадида Жанубий Кореяга 28 минг аскарини жойлаштирган. Шимолий Корея эса Американинг ушбу ҳаракатини фантазия меваси, деб ҳисоблаб, то АҚШ унга таҳдид қилишни бас қилмас экан, “ядро” қуролини кучайтириб боришини эълон қилди.