ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Таниқли ўзбек репери ўзининг лицензиядан маҳрум қилингани ҳақидаги гап-сўзларни инкор қилмоқда. “Сариқ матбуот” ҳамда ижтимоий тармоқларда “болалаб” кетган миш-мишларга тезроқ чек қўйиш мақсадида хонанда Facebookдаги саҳифасида амалдаги лицензияси фотосуратини илова қилди.
Хонанданинг аксарият мухлислари амалдорларга ушбу ноанъанавий мусиқа йўналиши кўпам маъқул келмагани учун ҳам репердан лицензияси олиб қўйилди, деган тўхтамга келган эдилар.
"Мен ҳақимда бир қатор миш-мишлар юрганидан хабарим бор. Айтишларича, лицензиям олиб қўйилганмиш. Бу гапларга чек қўйиш мақсадида лицензиям фотосуратини илова қилдим. Мана энди мухлисларим йиллар давомида ижодимда лицензия борасида ҳеч қандай муаммолар бўлмаганлигини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Мен барча фотосуратларни илова қилганман. Лицензиямни ҳар уч ойда янгилаб тураман”, — деб изоҳ келтиради хонанда фотосуратларга.
Хонанда, шунингдек, баъзи журналистларга бирор янгилик айтишдан олдин, маълумот ҳақиқатга қанчалик яқинлигини текшириб кўришни маслаҳат берди. “Журналистлар ўз касбининг профессионаллари бўлишлари шарт”, — таъкидлади репер.
Шоҳруҳнинг фикрича, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бирорта хонандани сабабсиз лицензиядан маҳрум қилмайди.
Репер, шунингдек, бир неча йиллардан буён нима сабабдан эстрада оламида кўриниш бермай қўйгани сабабларини ҳам айтди.
"Хонандачиликдан ташқари ҳам ишларим бор. Доно халқимиз бежизга йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз, демаган. Мусиқа ҳам ҳозирда мен учун орқа планга ўтган. Қўшиқчилик мен учун хобби эканлигини фаолиятим аввалида айтганман. Бўш вақт топсамгина мусиқа яратаман. Тингловчиларим учун бу сирмас”, — таъкидали репер.
Эслатиб ўтамиз, Шоҳруҳ Ўзбекистонда реп йўналишида биринчилардан бўлиб қўшиқ куйлаган хонанда. 2005 йилда у “Йил кашфиёти” номинациясида “Тарона” мукофотига сазовор бўлган. Учта альбом чиқарган. Шулар орасида энг машҳури — “Balandda” альбоми.