ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik, Алексей Богдановский. АҚШ президентлигига номзод миллиардер Дональд Трампнинг илк теле-рекламаси душанба куни оммага ҳавола қилинди. Реклама ролигида Трамп “Ислом Давлати” террорчилик гуруҳи раҳбарларини йўқ қилиб ташлашга ҳамда улар назоратидаги барча нефт конларини тортиб олишга ваъда берган.
"У тезда “ИД”нинг “бошини танидан жудо қилади” ва ундан нефтни тортиб олади” дейилади тантанали оҳангда 30 сониялик роликда.
Бундан ташқари, Трамп яна бир бор АҚШга мусулмонларни киритмасликка чақирди. Миллиардернинг бу ғояси сал аввал нафақат америкалик, балки чет эллик сиёсатчиларнинг ҳам кескин норозилигига сабаб бўлганди.
Реклама ролигида Трамп АҚШга мусулмонларнинг ноқонуний кириб келишини тўхтатишга ваъда берган. Бу учун у Мексика билан чегарада ўз ҳисобидан девор қурмоқчилигини маълум қилди. Рекламанинг чегарадан югуриб ўтаётган мигрантлар акс этган қисми катта жанжалга сабаб бўлди. Сиёсатчилар ваъдалари ростлигини аниқлаш билан шуғулланувчи PolitiFact сайти рекламада намойиш қилинган чегара АҚШга алоқадормаслигини аниқлади. У Морокко ва Испаниянинг қуруқликдаги чегараси экани маълум бўлди.
Трампнинг ўзи “рекламага муҳтож бўлмасам-да, ҳар эҳтимолга қарши суратга олинган ушбу ролик билан фахрланаман”, — деб таъкидлади.