Қирғиз миллий таоми ҳақида ҳақоратли гап айтган Британия фуқароси аэропортда ҳибсга олинди

© Sputnik / Табылды КадырбековҚирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (ГКНБ)
Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (ГКНБ) - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Қумтор олтин конида ишловчи Британия фуқароси Майкл Макфит олдинроқ ижтимоий тармоқда қирғиз миллий таоми “Чучук” ҳақида ҳақоратли гап айтиб катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

ТОШКЕНТ, 4 янв – Sputnik. “Кумтор голд кампани” олтин қазиб олиш компанияси ходими, Британия фуқароси Майкл Макфит, 3 январ куни эрталаб соат 03:00 да Бешкекнинг Манас аэропортида Қирғизистон ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан ҳибсга олинди, Sputnik Қирғизистон хабарига асосан.

Қирғизистондаги Қумтор олтин кони - Sputnik Ўзбекистон
Қумтор - Ўрта Осиёдаги энг йирик олтин кони

30 декабрь куни Майкл Макфит ижтимоий тармоқларда қирғиз миллий таоми “Чучук” (қазининг бир тури) фотосуратини ҳақоратли сўзлар билан билан намойиш қилган. Бу ўша заҳотиёқ катта шов-шувларга сабаб бўлган ва “Қумтор голд кампани” ходимлари иш ташлаш уюштириб, Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасига, ИИВга ва Бош Прокуратурага миллий қадриятларни ҳақорат қилгани учун жиноий жавобгарликка тортишни сўраб мурожаат қилишган. 

Макфит ўша заҳотиёқ ўзининг хабарини ўчириб кечирим сўраган, лекин шунга қарамасдан, 3 январ куни Манас аэропортида, Қирғизистондан учиб кетмоқчи бўлган вақтда у ҳибсга олинган. 

Иссиқ-Кўл вилояти ИИБ матбуот котиби Сталбек Ускунбаевнинг хабарига кўра, вилоят милици ходимлари ушбу иш юзасидан  барча керакли материалларни тўплаб уларни республика Прокуратурасига юборишган. Прокуратура ўз навбатида Макфитнинг ҳатти-ҳаракатида Қирғизистон ЖКнинг “299 —  Миллий, диний ва ирқий адоват қўзғатиш” банди бўйича кўриб чиқади.

Ҳозирги вақтда ушбу ишга таалуқли барча материаллар Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитасига (ГКНБ)га юборилган. Қўмита Макфитнинг миллий қадриятларни ҳақорат қилинганми-йўқми аниқлаб жиноий иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиши керак.  

Қумтор олтин кони олтин заҳиралари бўйича дунёда иккинча, Ўрта Осиёда биринчи ўринда туради. 1990 йиллардан буён Қирғизистон ҳукумати Канаданинг Centerra Gold компанияси билан биргаликда ушбу кондан олтин қазиб олишмоқда. Қизиғи шундаки, Қирғизистоннинг собиқ президентлари Акаев ва Бакиевлар даврида ушбу ноёб олтин кони, аломат йўллар билан 100 % чет эл компанияси мулкига айланиб қолган, ундан ташқари давлатдан катта солиқ ва бошқа имтиёзлар олган. Бу ҳақида биз олдинроқ батафсил хабар берган эдик.

Қирғизистондаги Қумтор олтин кони - Sputnik Ўзбекистон
Қирғизистон “Қумтор” конининг энг йирик акционери мақомидан чиқиб қолиши мумкин

Ҳозирги вақтда, Кумтор олтин кони устида Қирғизистон ҳукумати ва Канаданинг Centerra Gold компанияси орасида жиддий тортишувлар бўлмоқда. Яқинда Centerra Gold қўшимча акциялар чиқариб компаниядаги Қирғизистон ҳукумати улушини сезиларли даражада "ювиб" юборди. Бунга жавобан Қирғизистон ҳукумати "Қумтор голд кампани"ни миллийлаштириши мумкинлигини эълон қилган эди.

Шундай мураккаб вазиятда, Макфит ўзининг одобсиз чиқиши билан «сомонга ўт қўйди» десак адашмаймиз. 

Янгиликлар лентаси
0