ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik, Анна Столярова. Бугун дунёнинг кўп мамлакатларида, БМТ Бош Ассамблеяси ташаббуси билан Мигрантлар куни деб эълон қилинган. 25 йил аввал айнин 18 декабрда Меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимояловчи Халқаро конвенцияси қабул қилинган.
Собиқ Иттифоқ республикалари мустақил бўлганидан кейин Россияга мигрантлар катта миқдорда кела бошлади. Бунинг натижасида мигрантлар фаолиятини ва ҳуқуқи асосларини белгилайдиган қонунлар охирги 24 йил давомида тинимсиз такомиллаштириб келинди. Ҳозирги кунда мигрантлар соҳасида вазият қандай, нима ўзгаришлар бўлмоқда деган саволларимизга соҳа экспертлари жавоб беришди.
Танишинг, бугунги экспертларимиз МДҲ институти Диаспоралар ва Миграция бўлими бошлиғи Александра Докучаева ва “XXI асрда миграция” фонди директори, ФМХ директори собиқ ўринбосари Вячеслав Поставин.
Ушбу қонунлар мажмуасига 2014 йил Россия учун ҳам мигрантлар учун ҳам энг муҳим аҳамиятга эга бўлган ўзгаришлар киритилди. Хусусан, МДҲ меҳнат мигрантлари учун патент асосида ишлаш тизими киритилди.
Бир тарафдан ушбу тизим мигрантлар ҳаётига аниқлик киритиб, Россия ҳудудида қонуний равишда меҳнат қилиш учун асос яратди. Иккинчи томондан эса, Россия ҳукумати учун мигрантлар оқимини назорат қилиш ва давлат фойдасига кафолатланган маблағ ундириш имконияти пайдо бўлди. Яъни ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳити яратилди.
Патент тизимининг яна бир ютуғи – бу мигрант ва давлат орасида бир қатор воситачи ташкилотларнинг олиб ташланиши бўлди. Бу ўз навбатида, ҳар доим жиддий тўсиқ бўлган, коррупция муаммосини бироз енгиллаштирди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қонунлар қанчалик мукаммал бўлишига қарамасдан, Россияда уларнинг амалда тадбиқ қилиниши, доимо амалдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатидан катта зарар кўриб келган. Бир неча йил аввал миграция соҳасида коррупция жуда авж олган бўлсада, ҳозирги кунга келиб анча сусайган ва кун сайин камайиб бормоқда.
“Миграция соҳасидаги асосий муаммо бу – коррупция. Бизнинг қонунлар жуда яхши бўлсада, лекин уларнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши – жирканч даражада ёмон”, дейди “XXI аср миграцияси” фонди директори Вячеслав Поставин.
Ўрта Осиё мигрантлари сони камаймоқда
МДҲ мамлакатлари мигрантлари учун Россия ҳудудида вақтинча қайд асосида яшаш тартибини ўзгартириш, маъмурий қонунбузарликлар учун Россияга киришни таъқиқлаш каби чоралар натижасида Ўрта Осиёдан Россияга келувчи мигрантлар сони камайди.
Иккинчидан, патент олиш учун мигрантлар катта харажатлар қилишга мажбур. Паспортнинг нотариал таржимаси (1200 рубл), Рус тилини билиш ҳақидаги сертификат (500 рубл), Тиббий справка (2300 рубл), Тиббий суғурта (2500 рубл), Ягона Миграция маркази хизматлари (3500 рубл) бир ойлик аванс тўлови (4000 рубл, Москвада).
Учинчидан, рубл қиймати тушиб долларнинг нархи ошиб кетиши ҳам мигрантларга катта зарар еткизмоқда. Ўрта Осиёдан келган мигрантлар ишлаб топган пулини барибир долларга алмаштиришига тўғри келади. Рублнинг қиймати икки йил давомида икки баравардан зиёд тушиб кетиши – мигрантлар даромадининг икки баравар камайишини билдиради.
Мана шу учта асосий сабабга кўра, Ўрта Осиёдан Россияга келаётган мигрантлар сони 2015 йилда 40 %га камайди.