ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Россия хохишига кўра, “қора қути” очилишида ушбу можарога бефарқ бўлмаган барча томонлар иштирок этиши мумкин. Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан бўлиб ўтган учрашувда бу ҳақда шахсан гапирди.
"Олдиндан айтиб қўймоқчиман, тўғри, “қора қути”да нималар ёзилганини билиш, биз учун муҳим, аммо биз нимани билишимиздан қатъий назар, Туркия ҳукумати томонидан содир этилган ҳаракатга нисбатан бизнинг муносабатимиз ўзгармайди. Биз, яна бир марта такрорлайман, Туркияга нисбатан, нафақат дўст мамлакат, балки, террорчиликка қарши курашда иттифоқдош сифатида қарар эдик. Зимдан зарба беришдек, хоинона ҳатти-ҳаракатни, улардан ҳеч ким кутмаган эди", — деди Путин.
Шу билан бирга, президент, Россия Су-24 “қора қути”си ичидаги маълумотнинг барча тафсилотларини билишни кераклигини алоҳида таъкидлади.
"Шу боис, ушбу мослама устида, халқаро экспертлар билан ҳамкорликда, жуда синчков, пухта ва профессионал даражада иш олиб бориш лозим. Шу ишда қатнашиш истагини билдирганларнинг барчасини таклиф қилмоғимиз керак”, — дея қайд қилди Путин.
Ўз навбатида, Сергей Шойгу, ўтказилган махсус операция натижасида Су-24 қулаган ҳудудда учувчини ўққа тутган жангарилар аниқланмаганлиги ҳақида хабар қилди. Сабаби, бу ҳудуд бироз олдин Сурия ҳарбийлари ва махсус қўшинлари томонидан террорчилардан тозаланган эди.
Жангарилар самолётга тегмаганликлари сабаб, “қора қути”ни ечиб олишга ва Москвага олиб келишга муваффақ бўлдик, деб қўшимча қилди Мудофаа вазири. “Қора қути” маълумотларини таҳлил қилиш ишлари тез орада бошланади.
Россия Ҳарбий Ҳаво Кучларига қарашли Су-24 бомбардимончи самолёти Сурия ҳудудида Туркиянинг F-16 қирувчи ракетаси томонидан уриб туширилган эди. Туркия ўз ҳатти-ҳаракатини мамлакат чегарасини ҳимоя қилганлиги билан оқламоқчи бўлди. Аммо Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Су-24 Туркия ҳаво чегарасини кесиб ўтмаган ва мамлакат ҳарбийларидан ҳеч қандай огоҳлантириш олмаган.
Анқара ушбу можаро юзасидан шу кунга қадар расман узр сўрагани йўқ. Туркиянинг ушбу ҳатти-ҳаракатларига жавобан Россия бир қанча "жиддий" иқтисодий санкциялар киритди ва мамлакат чегарасини визасиз кесиб ўтиш тўхтатилди.