ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Туркия “Цезар Куников” кемасида Босфор бўғозини кесиб ўтиш чоғида палубада бўлган рус ҳарбийси Монтрё конвенциясини қай тариқа бузганлигини тушунтириб бера олмади, дейилган Россия ТИВ расмий сайтида.
Мария Захарованинг сўзларига қараганда, Россияга қарашли ҳарбий кема, 1936 йилда қабул қилинган Монтрё конвенцияси (бўғозларни кесиб ўтиш чоғида юзага келадиган муаммоларни тартибга солувчи ҳужжат) бирор бандини бузмаган. Шу ўринда, кемани қўриқлаш ҳар бир экипаж бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.
“Бизнинг дипломатлар Туркия томонидан халқаро конвенциянинг айнан қайси банди бузилгани ҳақида қизиқиб кўришганда, биз халқаро ҳуқуқнинг қандайдир “контексти ва фалсафасига” мавҳум ҳаволалар келтиришдан бошқа ҳеч нарса эшитмадик”, — деди Захарова.
Энг қизиғи, Босфор бўғозини кесиб ўтган Испания ҳарбий кемаси палубасида қўлида катта калибрли пулемётни тутган аскар сурати Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ёки ОАВ вакилларида негадир ҳеч қандай савол туғдирмади.
Ўтган ҳафта сўнггида Босфор бўғозини кесиб ўтиш чоғида кема палубасида қўлида кўчма зенит-ракета комплекси(КЗРК) тутган Россия ҳарбийсининг суратини Туркия ОАВларида тўхтовсиз нашр этилди ва бу воқеа катта шов-шувга айлантирилди.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу ушбу можарони Россия томонидан ўзларига қарши уюштирилган фитна, деб баҳолади. Туркия Транспорт, кемачилик ва коммуникациялар вазири Бинали Йилдирим эса Россия Монтрё конвенциясини бузди, деб оммага жар солди. Душанба куни Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.