ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Туркия ҳукумати Суриядаги аҳвол тобора жиддий ва хавфли тус олаётганлиги сабаб, чегарада зенит-ракета–комплекси(ЗРК)ни жойлаштиришга қарор қилди. Шу боис, “Eurosam” франция-италия концерни билан музокараларнинг янги босқичини бошлади. ЗРК ишлаб-чиқариш технологияси билан танишиб чиққан Туркия ҳукумати раҳбарлари, эндиликда музокараларни давом эттиришни режалаштиришмоқда.
Бир оз вақт олдин, Туркия, умумий қиймати 3,4 миллиард долларга тенг ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими учун компонентларни ишлаб чиқариш халқаро тендеридан воз кечганлигини тасдиқлаган эди. У ўзининг ушбу ҳаракатини ракета ҳужумига қарши ўз миллий лойиҳасини ишлаб чиқаришга қарор қилганлиги билан изоҳлади.
Туркия Сурия билан чегарасида юзага келган нотинч вазиятни инобатга олиб, Хитой билан келишмаган ҳолда, ўтган ҳафтада ўз ҳарбий-техника делегациясини Франция ва Италияга сафарбар этди. Туркия делегацияси “Eurosam” концерни томонидан ишлаб-чиқариладиган SAMP/T зенит-ракета-комплекси технологияси билан танишиб, баллистик ракеталар синовида иштирок этдилар.
Концерн вакиллари яқин кунларда Анқарага ташриф буюришади ва музокаралар давом эттирилади. Концернга қўйилаётган асосий талаб — бу ишлаб чиқариш технологиясини Туркияга бериш талабидир. Агар томонлар ўзаро келиша олсалар, “Eurosam” томонидан ишлаб чиқарилган ЗРК вақтинчалик батареялари Туркия бош штаби томонидан белгиланган чегара қисмида жойлаштирилади.
Ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими компонентларини харид қилиш учун 4 миллиард долларлик тендер ҳақида Туркия 2009 йил эълон қилган эди. 2013 йилнинг сентябрида Хитойнинг CPMIEC компанияси тендер ғолиби сифатида эълон қилинди. Хитой компаниясидан ташқари американинг “Raytheon & Lockheed Martin” консорциуми, франция-италиянинг “Eurosam” концерни ва Россиянинг “Рособоронэкспорт” компаниялари тендерда иштирок этган эдилар.
Хитой тендер бўйича рақибларидан фарқли ўлароқ, ракета комплексининг маълум қисмларини Туркияда ишлаб-чиқишга ва ўз технологиясини унга беришга рози бўлди. Аммо томонлар Туркиянинг бу жараёнда иштироки даражаси борасида келишувга келолмадилар. Бундан ташқари, Хитойнинг ғолиб сифатида эълон қилиниши Туркияга унинг НАТОдаги иттифоқчилари томонидан босим ўтказилишига сабаб бўлди.