ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Ўзбекистонда Туркий инвестиция жамғармаси иштирокида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратовнинг Туркий инвестиция жамғармаси президенти Бағдод Амреев билан учрашувида сўз борди.
Учрашувда Жамғарманинг операцион фаолиятини йўлга қўйиш, уни институционал жиҳатдан шакллантириш ва аниқ лойиҳалар портфелини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони саноат, инфратузилма, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда Жамғарма билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирган.
Томонлар халқаро молия институтлари ва хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёда ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Якунда лойиҳалар портфелини шакллантириш ва техник ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келгуси қадамлар келишиб олинди.