ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ҳамда даъвогар, ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ўртасидаги шахмат тожи учун баҳс баҳс 2026 йилнинг 23 ноябридан 17 декабрига қадар бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) хабар берди.
Мусобақанинг мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни, тадбирнинг умумий бюджети эса 8,5 миллион долларга баҳоланмоқда. Тадбирга мезбонлик қилиш учун аризалар 31 майгача қабул қилинади. Ўйин регламенти 2026 йил 1 июлгача тасдиқланиши керак бўлиб, у одатда 14 та партиядан иборат бўлади. Ғолиб деб топилиш учун 7,5 очко жамғариш кифоя.
Агар иштирокчилардан бири бу натижага аввалроқ эришса, баҳс муддатидан олдин якунланади. Ҳисоб 7:7 кўринишини олса, ғолибни аниқлаш учун тай-брейк ўйналади.
Жаҳон чемпиони Доммаражу 2024 йил декабрь ойида Сингапурда бўлиб ўтган баҳснинг 14-партиясида хитойлик Динг Лижэнни мағлуб этиб, бу унвонга эга чиққан.
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров яқинда Кипрнинг Пафос шаҳрида ўтказилган 2026 йилги Номзодлар турнирида муддатидан аввал ғолибликни қўлга киритиб, жаҳон тожи учун даъвогарга айланганди.
У мусобақада 14 очкодан 10 очко жамғариб, бирорта ҳам мағлубиятсиз (6 та ғалаба ва 8 та дуранг) натижа қайд этиб, ўзига хос рекорд ўрнатган.
Бўлажак қарама-қаршилик шахмат тарихидаги жаҳон чемпионлиги учун энг “ёш” баҳсга айланади – ўйин бошланиши арафасида ҳар икки спортчи ҳам 20 ёшда бўлади.