Ўзбекистон ва Чехия савдони 1 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда

Шавкат Мирзиёев ва Андрей Бабиш савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш, Чехияга тартибли меҳнат миграцияси, технология, таълим ва авиақатнов масалаларини муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабишнинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда томонлар ўзаро савдо ҳажмини маҳсулот турларини кенгайтириш орқали 1 млрд долларга етказиш вазифасини белгилади.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар қайд этилди:
• машинасозлик;
• “яшил” энергетика;
• геология ва муҳим хомашё;
• кимё ва фармацевтика;
• инфратузилма ва “ақлли” шаҳарлар;
• муҳандислик ва рақамлаштириш.
Томонлар Ўзбекистон фуқароларини Чехия меҳнат бозорига тартибли ва қонуний жалб қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
Аввалроқ Чехия ҳар йили Ўзбекистон фуқаролари учун 150 та меҳнат визаси квотаси ажратиши маълум қилинган эди. Ҳамкорликда тиббиёт соҳаси мутахассислари, хусусан, ҳамширалар ва қарияларни парваришловчи ходимларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани хабар қилинган.
Шунингдек, Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиали ташкил этилаётгани маълум қилинди. Чехиялик ҳамкорлар билан “Евро-6” стандартидаги автомобилларни сертификатлаш ва квант эталони бўйича замонавий лаборатория қуриш режалаштирилган.
Томонлар таълим, академик алмашинув, маданият кунлари, кўргазма ва концертлар, шунингдек сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалаларини ҳам кўриб чиқди.
Шу мақсадда Тошкент ва Прага ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсни қайта тиклаш масаласи ўрганилади.
Якунда қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Президент элчиларга фуқароларни хорижда юқори даромадли иш билан таъминлашни топширди