Тошкент – Самарқанд алоҳида тезюрар темир йўли лойиҳаси яна бир босқичга яқинлашди

Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги йўловчи темир йўлини қуриш лойиҳасининг якуний техник-иқтисодий асоси тақдим этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Тошкент ва Самарқанд ўртасида алоҳида юқори тезликдаги йўловчи темир йўлини қуриш лойиҳаси яна бир босқичга яқинлашди. 28 апрель куни ушбу лойиҳанинг якуний техник-иқтисодий асоси тақдим этилди.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, “Тошкент – Самарқанд” йўналишида юқори тезликдаги алоҳида йўловчи ташиш темир йўлини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари (ТИА)ни ишлаб чиқиш ишлари 2025 йил 14 февраль куни бошланган эди.
Мазкур ҳужжатни тайёрлаш учун Корея Экспорт-импорт банки томонидан 3 миллион доллар миқдорида грант маблағлари ажратилган.
Якуний ТИА Жанубий Кореянинг “Saman Engineering”, “Dong Myeong Engineering Consultants & Architecture Co., Ltd”, “Korea Railroad Corporation” ва “Korea National Railway” компанияларидан иборат консорциум томонидан ишлаб чиқилди.
Тақдимотда Транспорт вазирлиги, Жанубий Корея элчихонаси, Корея Эксимбанки, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, халқаро молия ташкилотлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Лойиҳа амалга оширилса, Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги юқори тезликдаги йўловчи қатновлари учун алоҳида темир йўл инфратузилмасини яратиш имконияти кўриб чиқилади. Бу эса келгусида йўналишда қатновлар сиғими ва транспорт хизматлари самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
"Hyundai" Ўзбекистонга Кореяда ишлаб чиқарилган биринчи тезюрар поездни жўнатди