ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Марказий банк бошқаруви 29 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди.
Регулятор маълумотига кўра, март ойида йиллик инфляция 7,1 фоизгача пасайди. Озиқ-овқат ва энергия каби тез ўзгарувчи нархлар ҳисобга олинмайдиган базавий инфляция эса 5,7 фоизни ташкил этди.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида умумий инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, нархлар барқарорлашуви секинлашаётгани ва ташқи хатарлар кучаяётгани қайд этилди.
Хусусан, геосиёсий зиддиятлар фонида жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархлари ошиши хавфи бор. Ташиш харажатларининг кўпайиши ҳам импорт нархлари орқали Ўзбекистондаги инфляцияга қўшимча босим қилиши мумкин.
Марказий банк ички бозорда ҳам нархларга таъсир қилувчи омиллар борлигини қайд этди. Биринчи чоракда мамлакат ялпи ички маҳсулоти реал ҳисобда 8,7 фоизга ўсди. Хизматлар, қурилиш ва савдо соҳаларидаги фаоллик ошгани иқтисодиётда талаб юқори сақланаётганини кўрсатмоқда.
Шу сабабли 2026 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозлари 7–7,5 фоизгача оширилди.
Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланаётгани, олтин нархи юқори даражада сақланаётгани, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши ички валюта бозоридаги таклифни қўллаб-қувватламоқда.
Регулятор инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш учун қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш зарур деб ҳисобламоқда. Агар инфляцияга оширувчи омиллар кучайса, Марказий банк пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлигини таъминлашини билдирди.