ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Тошкентда Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Унда Марказий Осиё давлатлари зилзилаларга тайёргарликни кучайтириш, барвақт огоҳлантириш механизмларини ривожлантириш ва офатлардан кейин самарали тикланиш бўйича қўшма баёнот қабул қилди.
Баёнот сейсмик барқарорликни мустаҳкамлаш, фавқулодда вазиятларга тайёргарликни ошириш ва самарали тикланишни таъминлаш бўйича умумий ёндашувни тасдиқлайди.
Ҳужжатда маълумот алмашиш, барвақт огоҳлантиришнинг қўшма механизмларини ривожлантириш, институционал салоҳиятни ошириш ва минтақавий шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни Ўзбекистон ташаббуси билан 2025 йилда БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси асосида таъсис этилган. Бу сана илк бор халқаро миқёсда нишонланмоқда.
Марказий Осиё дунёнинг сейсмик фаол минтақаларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили минтақада 23 мингдан ортиқ зилзила қайд этилади. Тошкент, Ашхобод, Олмаота, Чотқол ва Ҳайитдаги вайронкор зилзилалар ҳақидаги тарихий хотира бу йўналишда биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини кўрсатади.
Страны ЦА подписали Совместное заявление о сотрудничестве по повышению сейсмической устойчивости
© Sputnik
Тадбирда 22 та мамлакатдан 300 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар вакиллари ҳамда сейсмология ва табиий офатлар хавфини бошқариш соҳаси экспертлари қатнашди.
Страны ЦА подписали Совместное заявление о сотрудничестве по повышению сейсмической устойчивости
© Sputnik
Фахрий меҳмонлар орасида Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов, БМТ Бош котибининг табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича махсус вакили Камол Кишор ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хирата Кендзи бор.
Тадбир доирасида Япония ҳукумати томонидан 4,9 миллион доллар миқдорида молиялаштирилаётган ҳамда Фавқулодда вазиятлар ва офатлар хавфини камайтириш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Марказий Осиё минтақасида офатлар хавфини камайтириш тизимини кучайтириш" янги минтақавий лойиҳаси тақдим этилди.
Унда минтақавий мувофиқлаштиришни кучайтириш, зилзилаларни кузатиш ва барвақт огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, шунингдек, трансчегаравий фавқулодда вазиятларга тайёргарликни ошириш кўзда тутилган.