ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. АҚШ ва Эрон эҳтимолий келишувнинг биринчи босқичида урушдан олдинги ҳолатга қайтиш ва Ҳўрмуз бўғозини чекловларсиз очиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости CNN телеканалига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Покистонда музокараларнинг иккинчи босқичи ҳали ўтмаган бўлиши мумкин, аммо томонлар ташқи томондан кўринганидек бир-биридан узоқ эмас. Саҳна ортида фаол дипломатик алоқалар давом этмоқда.
Муҳокама қилинаётган вариант босқичма-босқич келишувни назарда тутади. Унга кўра, дастлаб Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракати чекловларсиз ва қўшимча тўловларсиз тикланиши, томонлар эса урушдан олдинги ҳолатга қайтиши мумкин.
Эрон ядровий дастури масаласи эса кейинги босқичда кўриб чиқилиши айтилмоқда.
CNN манбаларига кўра, воситачилар келишувга эришиш учун АҚШ ва Эронга босим ўтказмоқда. Кейинги бир неча кун дипломатик жараён учун муҳим бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, WSJ манбаларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг жамоаси Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини очиш таклифига шубҳа билан қарамоқда. Вашингтон учун асосий шартлардан бири Эрон ядровий дастури бўйича кафолатлар бўлиб қолмоқда.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио "Fox News" телеканалига берган интервьюсида Эрон урушга қарамай, ҳали ҳам ракеталарининг тахминан ярмига эгалик қилаётганини айтди.
“Ҳозирда уларда ракеталарнинг ярми қолган”, — деди Рубио.
"The Atlantic" нашри эса АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ёпиқ учрашувларда Пентагоннинг Эрон атрофидаги можаро ва АҚШ ракета захиралари ҳақидаги баҳоларини бир неча бор шубҳа остига олганини ёзди. Нашрга кўра, Вэнс Америка ракета захиралари қанчалик камайгани тўлиқ очиқ айтилмаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Москва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан Владимир Путин ўртасидаги учрашувдан сўнг Вашингтонга айрим мулоҳазаларини етказиши мумкинлигини истисно қилмади.