Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бор шахслар учун “Мадад” уйлари ташкил этилади

Руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун “Янги кун”, “Мадад” уйи ва “Ижтимоий таътил” хизматлари ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд ногиронлиги бўлган шахслар учун “Мадад” уйлари ва кундузги қараб туриш хизмати жорий этилади.
Президентнинг ижтимоий ҳимоя хизматларини такомиллаштиришга оид фармонига кўра, мўътадил, оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик ёки деменция ташхиси қўйилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун янги ижтимоий хизматлар босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Жумладан, 2026 йил 1 июнга қадар “Янги кун” кундузги қараб туриш хизмати, 1 сентябрга қадар уй шароитида қараб туриш хизмати, 1 октябрга қадар кичик ҳажмли “Мадад” уйи хизмати ташкил этилади.
2026 йил 1 ноябрга қадар эса “Ижтимоий таътил” қисқа муддатли жойлаштириш хизмати йўлга қўйилади. Бу хизмат “Мадад” уйларида ташкил этилиб, Ижтимоий реестрга киритилган руҳий ҳолати бузилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилади.
“Ижтимоий таътил” хизмати қонуний вакил билан тузиладиган шартнома асосида йилига бир марта, кўпи билан икки ҳафта муддатга тақдим этилади.
2026 йил 1 июндан туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик комиссиялари таркибига “Инсон” марказлари ходимлари киритилади. Шу санадан бошлаб руҳий ҳолати бузилган шахсларга васий ёки ҳомий этиб тайинланган шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажариши “Инсон” марказлари томонидан мониторинг қилиб борилади.

Ўзбекистон президенти сайтидаги маълумотга кўра, янги хизматлар 2026 йилда 8,3 минг нафар руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд шахсни қамраб олиши режалаштирилган. Хизматлар давлат-хусусий шериклик асосида кўрсатилади, 600 тагача нодавлат ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркор жалб этилиши кўзда тутилган. Харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия шаклида қопланади.

Ота-оналар ва тадбиркорларнинг бир қисми айрим солиқлардан озод қилинди